...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Чаламуллалар”ни гапирмайлик...


14:14, 22.03.2018 Таҳлил
 13 461

“Турк сериалидаги актёрларни ёқтириб қолган аёлларнинг боласи “аннақа” бўлиб туғилиши” ҳақидаги “мавъиза” ҳам кўп мунозараларни келтириб чиқарди.

Рустам Жабборов, журналист

“Шум бола” фильмидаги бир лавҳа эсингиздами? “Ҳожи бобо”нинг муридлари битта масала устида қизғин бош қотирадилар: “Абу Муслими Соҳибқирон Насри Сайёрни кўтариб урганларида тиззаларигача ерга кириб кетганмилар ё белларигача...”
 
Бу лавҳада буюк адибимиз Ғафур Ғулом ўтган асрнинг бошларидаги манзарани моҳирона чизиб берган. Бу билан миллатнинг тақдири ўзгалар қўлида ўйинчоқ бўлиб турган бир пайтда “Ҳожи бобо”лар (бошқа ҳожиларга умуман дахли йўқ) илм-маърифат, юрт, Ватан тақдири ҳақида, миллатни истибдоддан қутқариш ҳақида эмас, “Абу Муслимнинг гурзиси” ҳақида баҳслашишдан нарига ўтолмаганларини танқид қилганди.
 
Бугун-чи? Бошқаларга билмадим, лекин мен турли ижтимоий тармоқларда иккита-учта диний китобни ўқиб, маънисига етганми-йўқми, ҳар бир масалани диний томондан муҳокама қиладиганларнинг фикр-мулоҳазаларини ўқисам, ўша лавҳа эсимга тушаверади.
 
Албатта, баҳслашишга, бировнинг фикр эркинлигини камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо етарлича диний билими бўлмай туриб, ҳар бир масалага динни аралаштиравериш, минг йиллик қадриятлар, азалий анъаналарни бидъату хурофотга йўйиш тўғримикан?


 
Масалан, яқиндаги вафот этган Стивен Хокинг деган шўрлик олимни “даҳрийлиги” учун кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “гарантия” билан “дўзахнинг тўрига жойлаб келишди”. Аввало, олим даҳрийми, насронийми, маъжусийми бу унинг ўз виждонига, ақлига ва эътиқодига ҳавола. Яратганнинг олдида бунинг учун ўзи жавоб бераверади. Қолаверса, кимни жаннатгаю, кимни жаҳаннамга ҳукм қилиш парвардигорнинг иши.
 
Хокинг Худони тан олганми йўқми, буниси ҳам бизга қоронғу. Аммо, Худо унга тенгсиз билим, заковат, қобилият бергани аниқ. Кўпчилик “атеист”, “даҳрий” дея ортидан тош отган шу олим, бедаво хасталикка чалиниб, бир умр тўшакка михланиб қолганига қарамай, бутун инсониятга тўрт мучаси бут айрим “тақводорлардан” минг карра кўпроқ фойда келтиргани ҳам айни ҳақиқат.
 
Олимлар қайси динга эътиқод қилиши-қилмаслигидан қатъи назар улар тараққиётга хизмат қилиб келишган. Ҳолбуки, бугун барча дину миллат вакиллари бирдек фойдаланадиган “техника мўъжизалари”нинг аксарияти айнан ғайридинлар тарафидан ихтиро қилинган. Шундай экан, бошқа диндаги ёхуд динсиз илм аҳлининг эътиқодини бир чақага олмас эканмиз, лоақал уларнинг илмини ҳурмат қилайлик. Зотан пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам “олимлар пайғамбарларнинг ворислари” дея бежиз марҳамат қилмаганлар.


 
Бугун дунёдаги 300 миллиондан ортиқ аҳоли Наврўзни нишонламоқда. Уларнинг деярли барчасини (Эрондаги зардўштийлару Ироқдаги язидийлар сингари кам сонли қавмлардан ташқари) мусулмонлар ташкил этади. Тўғри, Наврўзнинг исломга алоқаси йўқ. Наврўз ва сумалакни ислом динига боғлаб тўқилган афсоналар ҳам чўпчакдан бошқа нарсамас. Зотан заминимизга ҳали ислом кириб келишидан минг йиллар аввал ҳам бу барам нишонланган. Ўнлаб мусулмон давлатларда наврўз ҳукумат даражасида байрам қилинади. Ўтмишда, Совет давридаги тақиқларни ҳисобга олмаганда, юртимизда Ислом кириб келганидан кейинги минг икки юз йил давломида бирорта мусулмон ҳукмдор бу байрамни тақиқламаган.
 
Аммо, ижтимоий тармоқларда “Наврўз – бу маъжусийларнинг байрами, уни нишонласа унақа бўлади, бунақа бўлади” деб дод солаётганларни кўриб ўзинг ҳам дод деворгинг келади. “Чаламуллалар”ни гапирмайлик, бир пайтлар оқ-қорани таниган айрим домлаларимиз байрам арафасида хонадонларда қилинадиган сумалак маросимларини “ичкиликбозлар мажлиси”га чиқаришганди. Наврўзни “кўролмайдиган”лар бугун турли ижтимоийни тармоқларда нуқул уни қоралаш билан овора. Барака топкурлар, Наврўз ёқмаса, байрам куни уйингиздан чиқмай билганингизни қилиб ўтираверинглар, бошқалар билан нима ишингиз бор, дегинг келади.
 


Диний масалаларга жавоб қайтариш, бу борада ҳукм чиқариш ҳар қандай замонда ўта нозик ва масъулиятли вазифа саналган. Аммо, бугун, ҳатто дину диёнатдан яхшигина хабардор бўлганлар ҳам эл-юрт оллдига чиқиб айтган гаплари жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлаётир. Масалан, анча илгари бир домламиз “иккинчи хотинга никоҳ ўқитиш Қуръонга зид” дея кўпчиликнинг эътирозини, ғазабини, ҳатто кулгисини қўзғаган эди. Ҳаммамиз биламиз, бугунги қонунларимиз биттадан ортиқ аёлга уйланиш, аниқроғи “бир рўзғор остида яшаш”га рухсат бермайди. Динда эса, “адолатсизликка йўл қўймаган ҳолда” бу ишга изн берилган, шу билан бирга “биттаси маъқулроқ” экани ҳам эслатилган. Ўшанда домла ҳам икки ўртадаги “кесишган нуқта”ни топаман деб андаккина қовун туширган эдилар.
 
Худди шу каби “турк сериалидаги актёрларни ёқтириб қолган аёлларнинг боласи “аннақа” бўлиб туғилиши” ҳақидаги “мавъиза” ҳам кўп мунозараларни келтириб чиқарди. Тўғри, номаҳрамга шаҳват назари билан қараш ножоиз. Домла айтганларидек “ўша пайтда” бошқа бировни “тасаввур қилиш” ҳам ақл ва иймонга зид. Аммо, сериал кўрадиган аёлларнинг қачон нимани ўйлаши-ю, “ўша” пайтда бунёд бўлган фарзанд кейинчалик “қанақа рангга кириши” ҳақида бу қадар аниқлик ила ҳукм чиқариш учун илмда ҳам, динда ҳам бирор асос бўлиши керак-ку? Валлоҳу аълам.
 
 
Яна бир гап. Интернетда бир рассом акамизнинг терроризмга қарши ишланган карикатураси ҳам худди шундай қизғин баҳсларга, ҳатто таҳдидларга сабаб бўлди. (Расмда енгил-елпи кийинган аёллар бир “жангари”нинг соқоли орасидан қора ниқобга ўралиб чиқаётгани кўрсатилган) Бечора рассом ҳатто “биродарлар, мен бу ерда мусулмонларни эмас, асл террорчиларни хажв қилганман”, деганига қарамасдан “комментбўрон” қилинди. Тавба! Аввало боболаримиз айтгандек, бундай вазиятда “Худосини айтиб то бердисини айтмагунча уриб ўлдирмаслик керак”.
 
Худди шу тахлит фикрлайверсак, “Зоҳид, сенга ҳуру, менга майхона керак” деган Навоийни ҳам, “Иброҳимдан қолган ул эски дўконни на қилай” деган Машрабни ҳам, “муҳаббат лаззатидан бехабардур зоҳиди ғофил” деган Фузулийни ҳам бир четга йиғиштириб қўйишимизга тўғри келади, шекилли?
 
Ислом азалдан илм-фанга, эзгуликка, маърифатга даъват этиб келган. Ислом сабабли ўтмишда не-не элатлар, халқлар бирлашиб, дунёдаги энг буюк тамаддунни яратишди. Ислом Илм билан туташган нуқтада Ибн Сино, Беруний, Форобий, Фарғоний сингари буюк зотлар етишиб чиқиб, кўплаб дунёнинг илмларнинг тамал тошини қўйишди. Аммо, Исломни илмдан ажратишганида, динни нотўғри талқин қилиш бошланганда, мутаассиблик ҳаддан ошди. Мусулмонлар “илм олиш муслиму муслимага фарз”лигини унутиб, диннинг моҳиятини англаб етмаган, илм-фан ютуқларини бидъат деб билган “диндорлар” сабабли Ғарбнинг таъқибига, истилосига, истибдодига учради, мағлуб бўлди.


 
Ҳалабда Насимийнинг диний-фалсафий қарашлари учун териси шилинган пайтларда Германияда ҳарф териш машинасини ихтиро қилишди. Машрабни Балхда “даҳрийлиги” учун дорга осган йилларда Англияда Буғ машинасини яратишди. Бизнинг “ҳожи бобо”ларимиз “Абу Муслимнинг гурзиси” устида куюниб баҳс юритган чоғларида “ғайридинлар” самолёт ясаб осмонга парвоз қилишди. Буларнинг барига айрим скептиклар айтганидек “илм-фан ва тараққиётга қарши” бўлган ислом дини эмас, уни тўғри тушунмай, жаҳолатга берилган мусулмонлар сабабчи бўлди.
 
Албатта, иймон ҳар биримизнинг бебаҳо бойлигимиз. Бу дунёдаги қилган гуноҳу савобларимиз учун аввало ўзимиз жавоб берамиз. Аммо, келинглар, ҳар соҳада бўлганида диний мавзуларда ҳам ўзимиз етарлича тушуниб етмаган мавзулар устида “ёқа бўғишмайлик”. Адиблардан бири айтганидек, ижтимоий тармоқларда ҳам ҳар биримиз ўзимиз аниқ билган нарсаларимиз ҳақида бонг урганимизда “виртул олам” ҳам бир мунча тинчиб қолармиди?

Теглар:Ислом дини 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!