...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёнинг кичик ёшдаги қочоқлари: улар нимани орзу қилади?


21:27, 27.03.2016 Олам
 8 171

Улар ҳам бошқа болалар каби ўқиб ўрганиш ва болалик гаштини суришга ҳақли эдилар.

Ҳар йили дунёнинг турли чеккаларида содир бўладиган урушлар, ўзаро келишмовчиликлар, ҳужумлар натижасида миллионлаб инсонлар ўз вататнини тарк этиб, бошқа мамлакатлар худудига қочоқ сифатида кетишга мужбур бўлишади. Кимдир вафот этади, кимдир манзилга етиб боради, кимлардир бошпана топа олмай бир неча йиллар давомида сарсон-саргардон бўлиб юради. Катталар майлия, аммо уларнинг фарзандлари, укалари, сингилларининг тақдири аянчли кечади. Ўтган 2015 йилда ҳам ўз юртидаги муаммолар сабаб Европа Иттифоқига қарийб 1,2 миллион қочоқлар келишган. Уларнинг аксарияти Сурия ва Афғонистон фуқаролари бўлган. Қочоқларнинг кўпчилиги Европа Иттифоқидаги лагерлар, ҳусусан, унинг чегараларидаги давлатларда қўним топишди. Камчилиги эса Иордания, Туркия, Ливан, Покистон, Эрон каби давлатларда яшаб кетиш учун курашишмоқда. Улар ушбу давлатларда оз бўлсада пул тўплаб, ўз ватанига қайтиб кетиш истагида яшаётган бўлишса, ажабмас.

Афсуски, қочоқларнинг бошқа давлатларга мажбурий сафарлари чоғида минглаб болалар бахтсиз ҳодисалар, касалликлар, ноқулай об-ҳаво шароити, очлик, толиқиш сабабли нобуд бўлишмоқда. Тирик қолганлар эса болалик гаштини суриш, шодон кунларда ота-онаси билан сайр қилиш, меҳмонга бориш, йилма-йил келадиган туғилган кунларини болалик билан хайрлашган ҳолда нишонлаш, мактабда таълим олиш, бирор ҳунар эгаси бўлиш ўрнига, бир бурда нон учун эртадан кечгача тер тўкиб, меҳнат қилишга мажбурлар. Улар катталар сафига вақтидан эрта кириб улгуришди. Қочоқ оилаларнинг аксарияти оила бошлиғини йўқотган ва оиладаги кичик болаларнинг ҳаёти оиладаги катта фарзандларга боғлиқ бўлганлари ҳам жуда кўп.

Биз навбатдаги мақола орқали ана шундай болаларнинг ҳаёти, инсон, бола сифатида нимани исташлари, қандай орзулари бор экани билан сизни таништирмоқчимиз. Суратлардаги болаларнинг кўриниши, нигоҳларида акс этган ҳаётнинг ўзиёқ, мурғак қалбларидан нималар кечаётганини аён этиб турибди.

Амна Зугхаяр 9 ёшда. У Суриянинг Дейр-эз-Зор шаҳридан. Амна Иорданиянинг Ал-Мафрак шаҳрида, Сурия чегараси яқинидаги ноқонуний чодир лагерида яшайди. Иорданияда жами 640 минг киши паноҳ топишди, уларнинг тенг ярми болалардир. Амна ва унинг дўстлари ўз ватанидаги урушгача бўлган тинч ва осойишта ҳаётни, мактаб чоғларини соғинишини айтмоқда.



Ракан Раслан 11 ёшда. У Хамада туғилиб ўсган. “Мен мактабга борардим, дўстларим бор эди. Аммо уруш келиб, бизнинг уйимизни бузиб ташлашди, кейин эса биз Иорданияга қочдик...”, – дейди Ракан. У бирор билимга эга бўлмасдан фақатгина ҳайдовчилик касбини эгаллаши мумкинлигини тушунади.



Айя Бандар ҳам 6 ёшда. У ҳам Хамада яшаган. Қизалоқ Суриядаги урушдан қочган 4,8 миллион қочоқларнинг бири. Европага етиб олиш учун ота-онасининг қўли калталик қилди. Шу сабабли улар ҳам Иорданиядаги чодир лагерида қолишга мажбур бўлишди.



Аҳмад Зугхаяр 6 ёшда. У Дейр-эз-Зордан. Аҳмад юртида портлаган бомба ва миналарнинг овозини ҳамма нарсадан кўпроқ хотирлашини айтади.



Сожида ал-Ҳасан 8 ёшда, у ҳам Хамада туғилган. У келажакда улғайиб, билим олишни истайди. Ҳозирча у қочоқлар учун мўлжалланган лагерда истиқомат қиляпти.



Ҳаммад Хадир 3 ёшга кирди. Суриянинг Ал-Хасаки шаҳрида дунёга келган болакайнинг мактабга боришига бир неча йил бор. Қизиқ, у мактаб ёшига етганида билим олишга имконияти бўлармикин? Бу йил уруш туфайли 3 миллион бола мактаб партасида билим олишдан мосуво бўлди. Улар орасида 700 дан ортиқ қочоқ сифатида юртини оиласи билан тарк этишга мажбур бўлган болалар ҳам бор.



Ханан Холид 7 ёшда. У ҳам Суриянинг Ал-Хасаки шаҳридан. БМТ маълумотларига кўра, Хананнинг ватанида бўлиб ўтган фуқаролик урушларида 250 минг киши вафот этган, 11 миллион киши эса мамлакатдан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.



Муҳаммад Бандар 12 ёшда. У ҳам Хамада туғилган. Муҳаммад келажакда шифокор бўлишни орзу қилади. Унинг истаги шифокорларнинг ёрдамига муҳтож инсонларга ёрдам бериш.



Маяда Ҳаммид 8 ёшда. Оиласи билан Ал-Хасакида истиқомат қилган Маяда ўзи туғилиб ўсган ватанини эслай олмайди.



“Мен Сурияни эслай олмайман”, – дейди Маяда. Қизалоқнинг ватанини эслай олмаслиги табиий ҳол. Чунки унинг ота-онаси Суриядан қочганларида у ҳали ойлик чақалоқ эди.

10 ёшли Захро ал-Жассим Хамада ичтиқомат қилган. “Мен ватанимга қайтишни ва дўстларим Рагда, Халим, Налвуларни кўришни жуда-жуда истайман”, – дейди Захро.



Ҳаёт Хон 8 ёшда. У Покистондаги ташландиқ уйларнинг бирида яшайди. Ҳаёт Афғонистондан келган. Иломободда қочоқлар 1980 йилларда пайдо бўлишган, ҳозирда бу ерда юз минглаб қочоқлар яшайди.



Мона Эмад 5 ёшда. У ҳам Ал-Хасакилик. “Мен ўз ватанимга қайтишни орзу қиламан. Аммо бунинг имкони йўқ, менимча. Чунки отам АҚШга кўчиб кетишимни айтяпти”,– дейди Мона.



Захро Маҳмуд 5 га кирган. Болакай Дейр-эз-Зорлик. Унинг туғилиб ўсган жойлари ислом давлатини қуришни истаган жангариларнинг қўл остида қолиб кетди. 



Ясмин Хуҳаммад 11 ёшда, у Шарқий Гутадан. Ота-онаси билан қочган қизалоқ Сурияни жуда ҳам соғинганини айтади. “Бор-йўқ истагим мактабга қайтиш ва эски дўстларимни кўриш”.



Авал Гул, айни дамда оиласи билан Исломободда яшаяпти. 12 ёшли болакай ҳам ватанига қайтишни орзу қилади. БМТ берган маълумотларга кўра, 2001 йилдан бери 3,8 миллион қочоқ ўз ватани – Афғонистонга қайтган.



Воҳид Вазир 6 ёшда. У ҳам ота-онаси билан Покистондаги харобаларда яшайди. Афғонистонлик қочоқларнинг аксарияти ушбу харобаларда яшаш баробарида, пул топишга ҳам ҳаракат қилишади, ҳатто, болалар ҳам.



Ҳолзарин Зиргул 6 ёшда, амакиваччаси Замон эса 3 ойлик. Покистон ҳукумати секинлик билан афғон қочоқларни ўз мамлакатларига жўнатиб юбормоқда. Покистонда афғон қочоқларининг ҳаётини бироз бўлсада енгиллаштириш учун уларнинг бошланғич таълим олишлари ва поликлиникаларга чиқа олишларига имкон берилган.



Акхтар Бабрек 13 ёшда, у Покистонда истиқомат қилади. 2015 йилда Покистон хукумати 1,5 минг афғонистонлик оилаларни ўз мамлакатларига қайтишларини талаб қилди.

Гулбиби Шамре ҳам қочоқ оилалардан бирининг фарзанди. 3 ёшли қизалоқнинг оиласи Афғонистонга қайтган тақдирда, уларга 1,2 минг АҚШ доллари миқоридаги маблағ тўланади. Афғонистонда бу катта пул саналади. Аммо Афғонистоннинг хазинаси бўшаб ётибди ва улар қатори бошқа оилаларга тўланиши керак бўлган қонун ҳужжатларидаги давлат мажбурияти фақат қоғозларда қолиб кетмоқда.



6 ёшли Яйба Ҳазрат ота-онаси билан Исломободда яшайди. Аслида Қобул шаҳри 2014 йилда ўз сарҳадларидан бошқа давлатларга кетган аҳолини қайтариш учун шароит яратиб бериши лозим эди. Аммо Қобулликлар ҳалигача қочоқ сифатида дунёнинг турли бурчакларида яшаб келишмоқда.



Басмина афғон оиласидан. У эндигина 3 ёшга кирди. Ҳозирда унинг туғилиб ўсган мамлакати Қобул ҳам, Покистон ҳам уни қабул қилишни исташмаяпти. Ҳар икки давлатда ҳам уларни боқишга етарли маблағ йўқ.



5 ёшли Робина Хасиб Покистон чегарасидаги ташландиқ жойларнинг бирида ота-онаси билан яшайди. Афғон оилаларининг аксарияти нафақат Покистонда, балки Эрон ва Тожикистонда ҳам истиқомат қилишади. 

Умида Якубова

Теглар:Қочоқлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!