Истанбул шаҳрини кезар экансиз, қоғоз сочиқлар, сақич ва шунга ўхшаш майда буюмларни сотиб, кун кўраётган сурияликларга кўзингиз тушади.
Иложсиз қолган халқ эса жон сақлаш умидида бошини бошқа мамлакатлар остонасига урди. Ким чегарини кесиб ўтишга уринди, ким денгиз орқали тинч ҳудудларга етиб боришга... Айрим мамлакатлар қочоқларга эшикларини тақа-тақ ёпди. Уларни қабул қилмади, Сурия ўз халқини сақлаб қолишнинг ҳол-чорасини кўрсин, деган йўсинда иш тутди.
Энг кўп қочқинларга эшикларини очиб, уларни жой билан таъминлаган ягона мамлакат Туркия бўлди. Сентябрь ойида олинган расмий маълумотларга кўра, айни дамда Туркияда 4 миллиондан ортиқ қочоқлар бор. Уларнинг 3,5 миллиони, тўғрироғи 3,564,919 нафари сурияликлар. Норасмий маълумотлар эса Туркиядаги қочоқлар сони 6,5 миллиондан ошганини кўрсатмоқда.
Суриялик қочоқлар мамалкатнинг Туркиянинг 10 та вилоятида ташкил этилган 14 та вактинчалик паноҳ марказларида яшаб келмоқда. Уларнинг сони 176 мингдан ошди. 3,4 миллионга яқин суриялик эса турли шаҳарларда истиқомат қилмоқда. Айниқса, Истанбул шаҳрини кезар экансиз, қоғоз сочиқлар, сақич ва шунга ўхшаш майда буюмларни сотиб, кун кўраётган сурияликларга кўзингиз тушади.
Аслида Туркия томонидан суриялик қочқинларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Вактинчалик ҳимоя остидаги сурияликларга тиббий ва таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Қочоқлар лагерларида мактаблар ташкил этилган. Катталар учун тил ва ҳунар ўргатиш курслари мавжуд. Ҳатто, лагердан ташқарида меҳнат қилиш имкони ҳам берилган. Қисқа қилиб айтганда, 10 та вилоятда ташкил этилган қочоқлар лагерида барча шароитлар мавжуд. Ўтган йили айнан ушбу лагерда бўлиб, махсус репортаж тайёрлаб қайтган эдик.
7 йил ичида Туркияда 300 мингдан ортиқ суриялик чақалоқ дунёга келди. 2018 йил август ойида Туркияда мактаб ёшига етган суриялик болаларнинг сони эса 976 мингдан ошди. Бу болаларнинг карийб 620 минг нафари таълим олмоқда. 2016 йилда мактабга қамраб олиш 30% бўлган эди. 2017-2018 ўқув йилида эса бу рақам 65% ни ташкил этди.
2018 йилнинг январь ойида Туркия томонидан суриялик қочқинларга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамлари миқдори 31 миллиард АҚШ долларига етган эди. Ўтган ойлар давомида бу миқдор кўпайиб, 33 миллиард АҚШ долларидан ошгани айтилмоқда.
Суриянинг Африн вилоятида тинчлик ўрнатишга қаратилган “Зайтун новдаси”, Идлиб вилоятидаги террористик ҳаракатларни бостириш, шаҳарни террорчилардан тозалаш мақсадида амалга оширган “Фрот қалқони” ҳарбий операцияларидан кейин кўплаб Туркиядаги қочқинлар ўз юртларига қайтиб кетдилар. Улар секин-аста Африн ва Иблибга бориб, ўрнашмоқда. Бироқ, Суриянинг бошқа ҳудудларида давом этаётган беқарор вазият сабаб ҳамон Туркиядан умид излаб келаётган қочқинлар талайгина.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шеннинг маълум қилишича, Туркия бундай инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиради. Уларнинг жон сақлаши, яшаши, оддий одамлар каби орзу қилиши ва бу орзуларига етиши учун Туркия қардош мамлакат сифатида, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзади. “Туркия ривожланишда давом этаркан, инсонпарварлик ёрдамларининг миқдори ҳам ортиб бораверади”, дейди элчи.
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари