...
МЕНЮ
ONLINE TV

Диққат! Қуръон мусобақасидан сўнг яна бир диний-маърифий мусобақа ўтказилади


14:47, 25.04.2018 Жамият
 3 472

Танловнинг Республика босқичини ўтказиш вақти қўшимча эълон қилинади.

Кеча, 24 апрель куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг республика босқичи бўйича эркаклар ўртасида совринли ўрин ғолиблари эълон қилинганини хабар берган эдик.
 
Унга кўра, ушбу мусобақанинг, дастлаб, Олий ўрин эгаси аниқланган ва ғолибга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – Gentra автомобили берилган эди.
 
Таъкидлаш керакки, ҳозирда Қуръон мусобақасининг аёллар ўртасидаги республика босқичи давом этмоқда. Эътиборлиси, Президент ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу савобли ва эзгуликни тарғиб қилувчи тадбир якунига етмай яна бир қувончли хабар эълон қилинди.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг май ойи давомида “Ҳадислар билимдони” кўрик-танловини ўтказади. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Танловнинг асосий мақсади – ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғояларни ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилишдан иборат.
 
Танловда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
 
Танловда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар 2018 йилнинг 26 апрель кунига қадар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларида рўйхатга олинади.
 
Танловнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг 1-5 май кунлари давомида вилоятлар кесимида ўтказилади.
 
Танловда иштирок этиш шартлари:

Танловда диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган камида 40 та ҳадисни (арабча матни билан) ёддан билган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
 
Танлов учта шартдан иборат:
 
  • Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш;
  • Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадисни таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларини баён қилиш);
  • Ҳадисни араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб (берилган боблар бўйича биттадан ҳадис айтиш) бериш.
 
Тошкент шаҳри бўйича иштирокчилар “Минор” жоме масжидида рўйхатга олинадилар. (Тел: +99897 235 22 21, +99890 318 42 80)
 
Иштирокчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
 
  • Паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси,
  • Турар-жойдан маълумотнома,
  • 2 дона 3*4 шаклда фотосурат.
 
Танловнинг Республика босқичини ўтказиш вақти қўшимча эълон қилинади.
Икром Раҳмон

Теглар:Қуръон мусобақаси ҳадис 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар