Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Йи билан учрашди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 23 апрель куни Хитойга жўнаб кетган эди.
Кеча, 24 апрель куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Йи билан учрашди.
Февралдаги учрашув давоми сифатида ТИВ раҳбарлари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг аниқ йўллари муҳокама қилинган.
Унда таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил май ойидаги Хитойга кўлами ва самарадорлигига кўра тарихий давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, давлат раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги ўзаро ишончни намойиш этди.
Вазирлар ШҲТ давлат раҳбарларининг Циндао шаҳрида бўлажак мажлисига ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг икки томонлама учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашдилар.
Минтақавий кун тартибини муҳокама қилиш чоғида Абдулазиз Камилов ва Ван Йи томонидан Тошкентда март ойида бўлиб ўтган ва Хитойнинг нуфузли делегацияси фаол иштирок этган Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференция натижалари юқори баҳоланди ва Афғонистон можаросини ҳал этиш доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари тасдиқланди.
Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.