Касалликнинг юқиш йўллари, унинг юқиши сабаблари ва оғир мусибатларга олиб келувчи оқибатлари ҳақида батафсил.
Тарихга назар соладиган бўлсак, қадимда куйдирги касаллиги “муқадас олов”, “форс олови”, “Эрон алангаси” номлари билан ҳам аталганига гувоҳ бўламиз. 1788 йили рус олими С.С.Андреевский Сибирдаги эпизоотия вақтида бу касалликни ҳайвондан ўзига юқтириб, одамлар билан ҳайвонларда учрайдиган касаллик бир хил эканлигини исботлади ва бу касалликни “сибир яраси” (“Сибирская язва”) деб аташни тавсия қилди. У куйдиргининг патологик анатомияси, клиник турларини тасвирлаган, шу билан бирга унинг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиққан. Қадимий китобларда куйдирги туфайли минглаб инсонларнинг вафот этгани унинг одамзод бошига талофат келтиргани битилган. Абу Али Ибн Сино, Гиппократ, Гомер, Овидийлар уни “Ҳайвонлардан одамларга юқадиган касаллик”, деб таърифлашган.
Куйдирги касаллигига асосан қорамоллар, қўй ва эчкилар, от, эшак ҳамда туялар мойил ҳисобланади. Ит, мушук ва ёввойи йиртқич ҳайвонлар касалликка камроқ чалинади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, айиқ, бўрсиқ, қуён ва кийиклар орасида ҳам куйдирги касаллиги билан касалланиш қайд этилган. Совуқ қонли ҳайвонлар ва паррандалар касалликка чалинмайди. Шу билан бирга ёввойи ҳайвонлар ва йиртқич паррандалар (қарға, қузғун ва бошқа) касалланган ҳайвон гўштини ёки жасадини егандан сўнг узоқ муддат давомида куйдирги спорасини ахлати ва сийдиги ёрдамида касаллик қузғатувчисини ташқи муҳитга тарқатиши ҳақида маълумотлар бор.
Касаллик манбаалари бўлиб касал хайвонлар, улардан олинган маҳсулотлар (гўшт, сут, тери ва бошқалар), касал хайвонлар ўлган жойдаги зарарланган тупроқ хизмат қилади.
Одам организмига қўзғатувчи касаллик манбаидан касаллик омиллари орқали тушади. Касаллик омилларига қуйидагилар киради: гўшт, гўшт маҳсулотлари, калла – почалари, ошқозон – ичаклари, қони, суяклари, касал ҳайвон ажралмалари, ҳайвоннинг ташқи қопламалари (тери, жун), ҳайвонларни парваришлаш анжомлари, гўшт – суяк уни. Куйдирги споралари билан зарарланган сув, хом ашёларни қайта ишловчи корхоналарнинг чиқинди сувлари, ҳавоси, тупроғи ва чиқиндиси ҳамда ташқи муҳитнинг турли объектлари, ҳайвонларни парваришлашда қўзғатувчилар билан ифлосланган анжомлар.
Касалликнинг юқиш йўллари турли хил касаллик омиллари орқали амалга оширилади. Касаллик мулоқот, алиментар, трансмиссив ва ҳаво чанг йўллари орқали юқади. Тери ва шиллиқ қаватлар касалликни кириш дарвозалари ҳисобланади.
Куйдирги касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолатни сақланиши ва одамлар орасида касалликни тарқалишида мулоқот юқиш механизми асосий ўринни эгаллайди. Касаллик қўзғатувчиси манбалари билан бевосита мулоқот: куйдирги касаллигига чалинган ҳайвонларни парвариши, ўлган ҳайвоннинг терисини шилиш, гўштини майдалаш ҳамда ошқозон – ичак тракти ва нафас йўллари шиллиқ қаватлари орқали одам касалликни ўзига юқтириб олади. Касалланган молни терисини шилиш ва гўштини майдалаш одамда куйдирги касаллигини келиб чиқишида муҳим эпидемиологик ахамиятга эгадир. Шунингдек, касаллик жун ва териларни қайта ишлаш корхоналарида ҳам юқиши мумкин. Одам асосан касалланган қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонларини мажбурий сўйиш жараёнида мулоқот орқали касалликни ўзига юқтириб олади. Касалланган ёки ўлган ҳайвон хомашёлари билан мулоқот жараёнида қўлдаги майда жарохатланган тери орқали қўзғатувчи тушиб, касалликни тери шаклини келтириб чиқаради.
Касалликнинг турли хил ташқи муҳит объектлари орқали юқиши – маиший мулоқот юқиш йўли дейилади.Тупроқ орқали зарарланиш 2,8 фоизгача бўлиши мумкин.
Касалликнинг тери шакли трансмиссив йўл, яъни қон сўрувчи ҳашоратларнинг чақиши орқали ҳам келиб чиқиши мумкин. Касаллик одамга, шунингдек, куйдирги касаллиги қўзғатувчиси билан зарарланган тупроқ ва жиҳозлар орқали ҳам юқади.
Касалликни алиментар йўл билан юқиши касалланган ҳайвон гўшт ва гўшт маҳсулотларини ҳамда қўзғатувчи споралари билан зарарланган бошқа озиқ-овқат махсулотларини етарли термик ишлов бермасдан, истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади.
Касаллик ўзига хос клиник белгилар билан кечади. Касалликнинг яширин даври 1-3, баъзан 8 кунгача давом этади. Касалликнинг кечиши ўткир, ярим ўткир, баъзан эса яшин тезлигида бошланади. Касаллик яшин тезлигида бошланганда, ҳайвон бирдан йиқилиб, оғзи, бурни, орқа тешикдан қон аралаш суюқлик (кўпик) ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Оққан қон ивимайди.
Йирик шоҳли ҳайвонларда касаллик ярим ўткир тарзда кечганда, тана ҳарорати 40-45 даражагача кўтарилади, мушаклари қисқаради, томир уриши тезлашади, нафас олганда шовқин пайдо бўлади, қорин шишади, орқа ичакдан ахлат билан қон аралаш суюқлик, сийдик билан қон ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Йирик шоҳли ҳайвонларда касаллик карбункулёз шаклида ҳам кечади.
Отларда касаллик қаттиқ санчиқ билан бошланади, ичак турида кечади ва терида, бошда, кўкракда, елинда, инфильтратлар пайдо бўлади. Касаллик карбункулёз турида ҳам кечиши мумкин, бунда инфильтратлар чуқур жойлашиб, гангрена ва парчаланиш билан тугайди.
Майда шоҳли молларда куйдирги яшин тезлигида ёки ўткир кечади. Ҳайвонлар тўсатдан тиришиш, қон кетиш аломатлари билан нобуд бўлади. Ҳайвонлар тўғри ичаги ва жинсий аъзолари шиллиқ қаватида тугунли ясси геморрагик шишлар пайдо бўлади.
Чучқаларда сепсис аломатлари деярли кузатилмайди, кўпинча касаллик ангина, яъни ҳиқилдоқнинг яллиғланиши, бўйин, кўкрак қафасининг шишуви билан ўтади, тилда, қаттиқ танглайда шиш ва карбункул пайдо бўлади, ҳайвон механик асфиксия (бўғилиш)дан нобуд бўлади. Чўчқаларда касаллик баъзан сурункали шаклда ҳам кечиши мумкин.
Касаллик қўзғатувчиларининг атроф мухитга тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида куйдиргига гумон қилинган ҳайвонларни ёриб кўриш, ташиш қатъиян тақиқланади. Лаборатор ташхис учун патматериал мутахассис томонидан махсус усулда олинади.
Касалик одамларга касал хайвонларни парваришлаганда, касалланган хайвонлардан олинган тери, жунга ишлов берганда, касалланган хайвонлардан олинган сут ва гўштни истеъмол қилган ҳолларда, ветеринария мутахассиси рухсатисиз ҳайвонларни сўйиш, ветеринария кўригидан ўтмаган чорва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юқади.
Одамларда касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади. Касаллик бир неча турда кўпроқ (95-98 фоизгача) тери турида кечади. Бунда микроб тушган жойда қизғиш ёки кўкимтир рангда доғ пайдо бўлади. Бу доғ папулага, везикулага, пустула ва ярага айланади. Яранинг усти қора парда билан қопланади ва оғриқсиз кечади. Ярага яқин бўлган лимфа безлари зарарланиб, лимфаденит, сепсис пайдо бўлади. Беморда қувватсизлик, тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриги, бош айланиши, қусиш, жигар ва талоқнинг катталашуви каби аломатлар кузатилади.
Одамларда куйдиргининг ичак тури куйдирги қўзғатувчиси билан зарарланган гўшт истеъмол қилинганида, ўпка тури билан эса куйдирги таёқчаси спораларининг нафас йўллари (тери, мўйна махсулотлари корхоналарида) орқали тушишидан ривожланади. Ичак ва ўпка турлари кескин умумий бузилишлар билан кечиб, одатда ўлим билан тугайди.
Куйдирги касаллиги ўта хавфли касаллик бўлганлиги сабабли, унга қарши тадбирлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан, бепул ўтказилади. Лекин, таъкидлаш лозимки, эмлаш тадбирлари самарадорлиги, мавжуд моллар тўлиқ эмланганда юқори бўлади. Айниқса, аҳолида мавжуд моллар тўлиқ руйхатга олинмаганлиги, аҳоли томонидан мол сотиб олинганлиги тўғрисида жойлардаги ветеринария мутахассисларига ўз вақтида хабар берилмаслиги молларнинг эмланмай қолиши касаллик келиб чиқиши хавфини кучайтиради.
— Куйдирги яраси оғриқсиз бўлади, яранинг устки қисми кўмир рангига ўхшаш қора пўстлоқ билан қопланади, яра атрофи қизариб, шиш пайдо бўлади.
— Куйдирги яраси кўпинча баданнинг очиқ қисмларида (қўл, оёқ, юз, бўйин) учрайди.
— куйдирги билан касалланган ҳайвонларни ветеринар рухсатисиз сўйилишига йўл қўймаслик, молларни фақат қушхона ва сўйиш майдончаларида ветеринар кўригидан ўтказилгандан сўнг сўйиш;
— дуч келган жойлардан гўшт сотиб олмаслик, гўштни гўшт повильонлари ва дўконлардан харид қилиш;
— ҳайвонларни парвариш қилишда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш;
— ҳайвонларда куйдирги касаллигининг белгилари кузатилганда, зудлик билан ветеринария хизмати идораларига мурожаат қилиш керак.
Куйдирги касаллигидан вафот этган ҳайвон ва одам мурдаси куйдирилади ёки махсус тобутга солиб 2 метр чуқурликка кўмилади. Инфекция ўчоғида бўлганларга нисбатан кўриладиган шошилинч профилактика чоралари сифатида уларга куйдирги гаммаглобулин билан пенициллин укол қилинади. 7-10 кун давомида гаммаглобулин ва пенициллин юборилгандан сўнг вакцина билан эмланади.
Жун ёки ҳайвонлардан олинган бошқа маҳсулотларни (масалан терини) текшириш учун Асколининг термопреципитация реакцияси қўлланади.