...
МЕНЮ
ONLINE TV

Андижонликлар куйдирги касалидан огоҳлантирилиб, буклет ва йўриқномалар тарқатилмоқда


17:27, 18.07.2016 Саломатлик
 7 448

Вилоятдаги оилавий поликлиника ходимларига пойтахтда куйдирги касали тарқалгани айтилиб, аҳоли ўртасида касалликни юқтирмаслик борасида огоҳлантириш ишлари олиб бориляпти.

Бир неча кунлардан буён ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда куйдирги касаллиги тарқалгани борасидаги турли гаплар, беморларнинг суратлари тарқалиб келмоқда. Биз бу вазиятга ойдинлик киритиш учун қатор тегишли ташкилотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ветеринария бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорат марказидаги мутахассисларга мурожаат қилдик. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Саидмурод Саидалиевнинг Ўзбекистонда куйдирги касаллиги йўқлиги борасидаги расмий маълумоти чоп этилган эди.
 
Бугун, 18 июль куни “Qalampir.uz”нинг андижонлик кузатувчиларидан Искандар Саттибоев куйлирги касаллигидан огоҳлантириш, бу касалликдан аҳолини бохабар қилиш мақсадида вилоятдаги оилавий поликлиникаларга эълон жойлаштирилгани ҳақида хабар бериб, Telegram мессенжери орқали эълоннинг суратини юборди.


 
Ўқувчимиз томонидан жўнатилган суратда маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги 6-оилавий поликлиникада куйдирги касаллигига чалинмаслик бўйича йўриқномалар тарқатилмоқда. Унда куйдирги ҳақида қисқача маълумот, касалликнинг олдини олиш учун қилинадиган чора-тадбирлар, уни юқтирмаслик учун риоя қилиниши керак бўлган қоидалар батафсил ёзилган.
 
Эътиборимизни, сурат остига ручкада ёзиб қолдирилган фамилия ва унга илова қилинган телефон рақами тортди. Балки бу ҳақда хабар берган  Искандар Саттибоев тегишли маълумотни рақами қайд этилган кишидан олишимизга ишора қилгандир, деган тахмин билан айни рақамга қўнғироқ қилдик.
 
Гўшакни кўтарган аёл ўзини 6-оилавий поликлиника ҳамшираси деб таништирди. Бироқ исмини мақолада чоп этмаслигимизни илтимос қилди.
 
Ҳамшира куйдирги касали билан боғлиқ хабарлар ва поликлиникадаги эълон ҳақида шундай деди:
 
“Андижонда куйдирги касаллиги тарқалмаган, аммо биз Тошкентда тарқалди деб эшитдик. Поликлинкамизда бу борада бизга тушунтириш ишлари олиб борилди. Айни дамда куйдирги касаллигини олдини олиш ҳақида буклет тайёрлаб, эшикма-эшик тарқатиб юрибман. Ҳозиргача 35та хонадонга кирдим. Буклет 3 бетдан иборат. Унда нафақат Куйдирги, балки  Қрим-Конго геморрагик иситмаси  касаллиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бор”.
 
Ҳамширанинг гапларидан кўриниб турибдики, вилоятдаги оилавий поликлиникаларда Тошкент шаҳрида куйдирги касалли тарқалгани борасидаги маълумотлар, поликлиника ходимларига тушунтириш ишлари олиб бориш ва уларга айни касаллик борасида ўқув-курсларида айтиб ўтилган.
 
Юқоридаги айтилганларга аниқлик киритиш мақсадида Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Искандар Ҳамидовга мурожаат қилдик.
 
Искандар Ҳамидов,  Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари:
— Андижон шаҳрида куйдирги касаллиги тарқалмаган. Бундай маълумот йўқ. Бизда куйдирги ва Қрим-Конго геморрогик иситмаси касалликларининг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга ошириляпти. Аҳоли ўртасида хокимлик, Соғиқни сақлаш бошқармаси томонидан куйдирги касаллигининг олдини олиш борасида ишлаб чиқилган чора-тадбир режалари асосида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Бу борада патронаж ойлиги эълон қилинган. Маълумотномалар оилавий поликлиникалардаги махсус жойга ёпиштириляпти. Аҳолига берилаётган маълумотномалар ичида касаллик ҳақидаги изоҳ ва ундан сақланиш борасидаги тавсиялар бор, холос. Бироқ уйма-уй юриб аҳолига ушбу касалликлар ҳақидаги буклетларнинг тарқатилаётгани йўқ. Бу одамлар томонидан яхши тушунилмай талқин қилинган маълумот. Поликлиникалардаги ўқув жараёнлари вақтида ҳам Тошкентда куйдирги касаллигининг тарқалгани айтилгани ҳам нотўғри. Бундай маълумот мавжуд эмас. Бу нотўғри фикр.
 
Қизиқ, аслида вазият қандай? Маълумотларга кўра, қўшни давлатларда, хусусан, Қозоғистондаги “24kz” телеканали орқали Ўзбекистонда куйдирги касаллиги қайд этилгани борасида хабар берилган. Юқоридаги саволларга тез орада жавоб топамиз.
Умида Якубова

Теглар:Куйдирги Оилавий поликлиника Андижон Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Зарифжон
17:51 20.07.2016

Оллох узи сакласин бундай касалдан. Хаммамизга оиламиз бахтига сог-саломат юриш бахти насиб килсин!


Зубайр
12:17 20.07.2016

Бизда бу касаллик йўқ. менимча?


Зарифжон
08:24 19.07.2016

Куйдирги касали таркалгани ростми Узбекистонда?


равшан
17:47 18.07.2016

Маълумот учун биринчи беморлар кайд этилди Жиззах шахар Жилли-Гулли махалласида...нима килиш керакглиги хакида ахолини бохабар килиш кеч булди назаримда!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!