Хонанда Дилфуза Исмоилова ўзи ва Аҳмад Турсунбоев билан боғлиқ видеоларга изоҳ берди.
Ўтган ҳафтада эса ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram мессенжерида хонанда Дилфуза Исмоилованинг Аҳмад Турсунбоев билан бирга суратга олинган видеолари тарқалди. Ушбу видеоларда Исмоилованинг Турсунбоевни дуо қилаётгани тасвирланган.
“Бахтимизга бой отамиз соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин. Оллоҳнинг ўзи сизни ўз паноҳида асрасин. Бой отамизни ёмон кўзлардан, ёмон одамлардан худо асрасин”, деб ният қилади Исмоилова.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кимдир Исмоилова иштирокидаги бу видеони оддий ҳолатга йўйса, яна бошқалар хонандани ҳам Аҳмадбойга пул берганлар қаторига қўшмоқда. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида хонанда Дилфуза Исмоилова билан боғландик.
“Аҳмадбой Турсунбоев қариндошларимиздан бири бўлган. Сиз айтаётган видеода эса номақбул ҳолат йўқ. Мен у кишиннинг хонадонидаги тўйда иштирок этганман. Бу видео ана шу тўйда олинган”, дейди Исмоилова.
Мазкур видеони ижтимоий тармоқлар орқали томоша қилиб, ўз фикрини билдираётганларнинг кўпчилиги Дилфуза Исмоилованинг деярли ҳамма тўйларда видеоларга шу тарзда тушиши, тўй эгаларини, куёв ва келинни видеодагидек дуо қилиши одатий ҳоллигини айтишмоқда.
Маълумот ўрнида, Турсунбоев бир неча йиллар давомида йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта миқдордаги омонат маблағларини миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Бундан ташқари, “тадбиркор” йилига 40 фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига қарз бериб келган.