...
МЕНЮ
ONLINE TV

Депутатлар “Соғлом она ва соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижросини муҳокама қилдилар


14:18, 29.07.2016 Жамият
 3 096

Мамлакатимиздаги 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг ташаббусига кўра парламент эшитуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида ахборот берди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ҳомиладор аёлларни таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур микроэлементлар мавжуд бўлган поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Натижада кам вазнли болалар туғилиши, ирсий касалликлар ва туғма нуқсонларнинг олди олинмоқда. Болаларнинг ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари камаймоқда. Мамлакатимиздаги 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
 
Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда бу борадаги ишлар янада кенг, изчил давом эттирилмоқда. Перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини янада ошириш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини яхшилаш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтиришга алоҳида этибор қаратилмоқда.
 
Парламент эшитувида депутатлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида бу борада белгиланган чора-тадбирлар ижроси, соҳадаги айрим камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни муҳокама қилди. Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар соҳадаги ютуқларни эътироф этган ҳолда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, айниқса, олис қишлоқларда малакали тиббий хизматлар кўрсатилишини кенгайтириш учун соҳага хусусий секторни жалб қилиш лозимлигини таъкидлади. Давлат дастурида тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш ва назоратни кучайтириш масаласига эътибор қаратди. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан тиббиёт муассасаларини салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш, хусусан, тиббиёт бирлашмаларини тор доирадаги мутахассислар, олис ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларини умумий амалиёт шифокорлари билан тўла таъминлаш, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда нодавлат таълим муассасаларини белгиланган тартибда тиббиёт ходимлари билан таъминлаш масаласига эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. 

“Адолат” СДП сайловолди дастурида аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда ўз иштирокини янада кучайтириш, шу билан бирга, барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши ва амалга ошириш тарафдори эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари Давлат дастурининг “Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш” бўлимида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши лозимлигини қайд этди.
 
Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари асосий эътиборни Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида даволаш-профилактика муассасалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг дори-дармон ва даволаш воситалари билан таъминланиш ҳолатига, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо этиш, аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга, бу борада қўшимча чоралар кўрилиши лозимлигига қаратди.
 
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар томонидан гени модификацияланган маҳсулотларнинг мамлакатимизга четдан кириб келишининг олдини олиш, аҳоли ўртасида ижтимоий, юқумли ва хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш соҳасини такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотни маълумот учун қабул қилди. 

Парламент Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига, қўмиталарга ўз фаолиятларида Давлат дастурининг сўзсиз бажарилишига эътибор қаратиш, бу борада парламент назорати институтидан фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
 
Муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Теглар:Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Соғлом она ва соғлом бола Давлат дастури 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар