...
МЕНЮ
ONLINE TV

Давлат божхона қўмитаси: Ўзбекистонга ИШИДнинг 640 та тарғибот материали кириши тўхтатиб қолинди


16:29, 09.08.2017 Жамият
 3 952

Д.Назаровга тегишли телефон хотирасидаги 640 дан зиёд файллар Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида фаолият юритаётган ИШИД террорчи ташкилотига тегишли тарғибот материаллари эканлиги аниқланган.

Хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган айрим кимсалар ўзларига тегишли бўлган технологик қурилмаларни ақл бовар қилмайдиган тарзда яширадиларки, ҳайратдан ёқа уйлайсан киши. Шоколад ичиги ботириб яширилган флешка, устига карамель қопланган героин, телефон хотирасидан тўсатдан чиқиб келган ИШИД даъватлари шунчаки лоф эмас, айни ҳақиқат. Эҳ, одамлар... Ғаразли мақсадларни кўнглига жо қилган, юрт мустақиллиги ва озодлигига дахл қилиш, ёшлар онгини заҳарлашни ният қилганларнинг режалари тажрибали божхоначиларнинг самарали фаолияти сабаб пучга чиқмоқда. Бугун, 9 август куни Давлат божхона қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида айни шулар ҳақида сўз борди. Анжуманда журналистларга мавзу юзасидан Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғофуржон Шукуров ахборот берди.
 
Шукуровга кўра, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилнинг ўтган 7 ойи давомида 339 та ҳолатда 14 мингдан ортиқ диний экстремистик, ақидапарастлик ва бошқа диний мазмундаги материалларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
 
Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут ота” чегара божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан ўтаётган Тожикистон Республикаси фуқароси Д.Боймадовнинг юклари божхона кўригидан ўтказилганда унга тегишли телефонлар хотирасида диний мазмундаги дастур, 2 дона диний экстремистик руҳдаги, 4 дона шафқатсизликни тарғиб қилувчи, 5 дона беҳаё мазмундаги, 2 дона диний экстремистик руҳдаги видео лавхалар, 164 дона диний мазмундаги ва 22 та беҳаё мазмундаги фото материаллар борлиги аниқланган.
 
Шунингдек, “Қарши” халқаро аэропортида Москвадан учиб келган фуқаро Ф.Хабибовнинг қўл юклари ва багажлари божхона кўригидан ўтказилганда, ўзига тегишли бўлган Apple маркали ноутбук хотирасида тақиқланган диний мазмундаги 365 дона аудио ва 5 дона видеолавҳаларни Ўзбекистон Республикасига ноқонуний тарзда олиб кирилишига чек қўйилган.
 
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости ходимлари амалдаги тартибларни бузишга уринган қўшни давлат фуқароси Д.Назаровнинг қинғир қилмишларини фош қилишди.
 
Ўзбекистондан транзит тарзида ўтаётган “Москва-Душанбе” йўловчи поездида Тожикистон Республикасига йўл олган ушбу шахснинг қўл телефони божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, унинг хотирасида диний мазмундаги 191 дона видео, 18 дона аудио ҳамда 423 дона жангари мазмундаги фото материаллар борлиги аниқланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига асосан, Д.Назаровга тегишли уяли телефон хотирасида аниқланган 640 дан зиёд файллар Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида фаолият юритаётган ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) террорчи ташкилотига тегишли тарғибот материаллари эканлиги аниқланган.
 
Маълумот учун, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.
 
Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатишга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан йўл қўйилади.

Теглар:ИШИД Давлат божхона қўмитаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар