Миллий терма жамоа, хусусан кутилаётган бугунги ўйин ҳақидаги мухлислар фикри билан танишинг...
Йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмади. Эҳ-ҳе, бу орада миллий терма жамоага кимлар келиб-кетмади?
Қосимовдан тортиб Бабаянгача терма жамоани ЖЧга олиб чиқишни ваъда берди-ю, буни амалда исботлай олмади...
Биз бежиз сўзимиз аввалида ЖЧга чиқиш бизга керакми, деган саволни ўртага ташламадик. Зотан, йиллар давомида йўқотганларимиз — ишончимизни, умидимизни, ҳатто жаҳон чемпионатига чиқишга бўлган орзуимизни ҳам бироз сўндирди.
Аммо ўша умид учқуни ҳамон бор. Бу учқун бугун аланга оладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади!
Айни дамда биз Тошкент шаҳридаги Бунёдкор стадионидамиз... Бир неча дақиқалардан сўнг кутилган ўйин — умидимизни ё алангалатадиган, ё чиппакка чиқарадиган учрашувга гувоҳ бўламиз!
Ўзбекистон–Жанубий Корея ўйини ҳақида қарама-қарши фикрлар кўп... Уларнинг аксарияти салбий. МТЖнинг шунча йил давомида кўрсатган “каромати”дан сўнг оддий ишқибоздан ижобий фикрни кутишнинг ўзи уят эмасми?
Стадиондан мухлислар фикрини тақдим этамиз:
Фарруҳбек Урунов, футбол ишқибози:
– Футболчи доимий равишда спорт формасида, яъни доимий жисмоний тайёргарликда бўлиши лозим. Бизнинг футболчилар эса, таъбир жоиз бўлса, чойхонада ош ейишдан бошқасига ярамаяпти! Улар чойхонама-чойхона юришни бас қилгандагина бирор натижага эришишлари мумкин!
Ҳабибуллохон Азимов, ўқитувчи:
– Қизиқ, агар Ўзбекистон МТЖси ЖЧ-2018 га чиқа олмаса, Одил Аҳмедов ўз ваъдасида турар эканми?
Азиз Азизов, блоггер:
– ЖЧ-2018га чиқиш учун бугун охирги ўйин бўлиб ўтади. Бу ўйиндан олдин ЖЧга чиқиш имкониятимиз қисман сақланиб қолган. Ҳар доимгидек, кунимиз карра-карра ёки агар-агар деб аталувчи ҳисоб-китоб тизимига қолиб турипти. Қувонтирадиган жиҳати, бу сафар гуруҳда биздан ташқари Корея, Хитой, Сурия терма жамоалари ҳам қайсидир маънода юқорида айтилган ҳисоб-китоб усулига мурожаат қилмоқда. Азалий орзумиз ушалишига ишонаман!
Беҳзод Ҳожиматов, хорижий ОТМ ходими:
— Бугун тарихий рекордлар куни бўлади! Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон футболи учун тарихий кун бўлади! Биз барчани доғда қолдирган ҳолда келаси йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланамиз! Ҳа, бугун биз Жанубий Кореяни мағлубиятга учратамиз! (қандай ҳисобда бўлишининг аҳамияти йўқ!)
Зоҳиршоҳ Жўраев, “Qalampir.uz” сайти мухбири:
— Футбол бу миллионлар ўйини, терма жамоанинг миллионлаб мухлиси бор. Агар МТЖ Жанубий Корея МТЖси устидан ғалаба қозона олмаса, улар ўз мухлисларини йўқотадилар. Ишқибозликни ташламоқчи бўлганлар кўплаб топилади. Улар Ватан шаъни учун яхши ўйнашлари лозим!