Ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлар таркибида калий, калций, кремний, хром, селен, мис, рух, темир, йод, B5, E, C, D, P витаминлари ва фолий кислотаси кўп бўлади.
Одатда Наврўз байрамида сумалак, ҳалим каби миллий таомлар тайёрланади. Ҳалимнинг ҳам, сумалакнинг ҳам асосий масаллиғи буғдой саналади. Қадимдан қишдан кейин баҳорги “илик узилди” даврида ҳам дармондориларга бой гиёҳлар униб чиққунича ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлардан турли таомлар тайёрланган.
Бугунги саҳифамизда сизга буғдойнинг фойдали хусусиятлари ҳақида маълумот берамиз.
- Қадимда турли халқлар ундирилган буғдой, жавдар, тариқ, сули, арпа ва дуккаклилар (мош, ловия, нўхат, ясмиқ, яшил нўхат, соя) ерёнғоқ, писта уруғи шифобахш хусусиятга эгалигини яхши билган. Ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлар таркибида калий, калций, кремний, хром, селен, мис, рух, темир, йод, B5, E, C, D, P витаминлари ва фолий кислотаси кўп бўлади.
- Буғдой овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Организмдаги холестерин миқдорини бир маромда ушлайди. Таркибидаги Е витамини туфайли зарарли холестерин миқдорининг камайишига, қорин дам бўлишининг олдини олишга ёрдам беради.
- Буғдойдан тайёрланган таомларни истеъмол қиладиган кишиларда мия фаолияти, юрак қон томир тизимида ижобий ўзгаришлар сезилади.
- Таркибидаги фойдали моддалар инсондаги қувват манбаини тиклаб туради.
- Буғдой кепаги озишга ёрдам беради. Истеъмол чоғида буғдой кепаги организмдаги ёғни шимади ва ҳазмни яхшилайди.
- Буғдой таркибидаги пектин моддаси ошқозондаги хавфли ва зарарли моддаларни шимади, ошқозонда пайдо бўлган яллиғланишларнинг тез битишига кўмаклашади.
- Ушбу дон маҳсулотидаги Е витамини ва селен моддаси қариш жараёнини секинлаштиради.
- В12 моддаси асаб тизимини яхшилайди.
- Буғдой таркибида В12 моддаси ва фосфорнинг кўплиги инсоннинг ўз руҳий ҳолатини тўғри бошқара олишига ёрдам беради.
- Ундаги фитоэстрогенлар саратоннинг баъзи турлари, хусусан, кўкрак, бачадон ва простата саратони ривожланишининг олдини олади.
- Буғдойдаги магний моддаси ва F витаминининг ўзаро таъсири қондаги қанд миқдорини бир маромда ушлаб туради.
- Калий моддаси эса танадаги мушаклар, шу билан бирга, юрак мушакларининг иш фаолиятини яхшилайди.
- Кўкартирилган буғдойнинг суви юзга суртилса, юздаги доғлар, ажинларни кеткизади. Тери силлиқлашиб, оқаради.
- 3 мм. узунликдаги ундирилган оқиш рангдаги буғдой майсасининг шарбатидан ярим-бир стакандан ҳар куни наҳорда оч қоринга бир ой давомида истеъмол қилиш организмни ортиқча ва зарарли хилтлардан тозалайди.
- Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари мавжуд беморларга бу маҳсулот тавсия этилмайди. Шунингдек, ушбу шифобахш табиий неъмат истеъмол қилинган даврда сутли маҳсулотлар, асал, гул чанги, мўмиё, женшень (“олтин илдиз”) кабилардан парҳез қилиш зарур.
- Халқ табобатида ундирилган оқиш майса хавфли ва хавфсиз ўсмалар, турли шишлар ва ёғли тиқилмаларнинг сўрилиб кетиши учун тавсия этилади. Чунки организм хилтлардан тозаланса, турли яллиғланиш ўчоқлари ўз-ўзидан сўрилиб кетади.