Тўғрироғи, ҳужайраларимиз деярли сувдан иборат. Бош мия ҳужайраларида сув 80%, мушакларда — 76%, суяк тўқимасида эса 25% ни ташкил этади.
Марҳамат, унинг охирги, ТЎРТИНЧИ ЎНТАЛИГИ билан танишинг!
31-маълумот: оддий қилиб айтганда, танамизда ишлаб чиқариладиган қувват — оқсил, ёғ ва углеводнинг мураккаб молекулаларини парчалаш ҳисобига амалга оширилади. Бунда, айниқса, оқсилларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Организмнинг таркибида оқсил бўлмаган аъзоси ёки тўқимаси йўқ ҳисоб. У қон ва мушаклар умумий вазнининг 1/5 қисмини, тиш эмалида 1/100 нисбатни, бошқа органларда эса (қуруқ массса ҳисобига) 45–84 % ни ташкил этади.
32-маълумот: оқсилларнинг моддалар алманишувидаги, умуман, инсон организмидаги аҳамиятини яхши ўрганиб олдик. Оқсилга бой озиқ-овқат бизни кучли, ўз ўрнида ақилли, соғлом ва тетик тутади.
Демакки, оқсилга бўлган эҳтиёжимиз доимий. Танамиздаги барча оқсил миқдори 180 кун давомида янгиланиб турилади, жигар такибидаги оқсил эса ҳар 17–20 кунда янгиланиб туриши лозим.
Негаки, жигарда содир бўладиган биокимёвий жараёнлар кўпроқ “қурбонлик” талаб қилади.
33-маълумот: сувсиз ҳаёт йўқ, шундай эмасми? Дунёда мавжуд энг қуруқ моддаларнинг таркибида ҳам маълум миқдорда сув бўлиши аниқланган.
Танамизнинг аксар қисми сувдан иборатлигини ҳам кўп бора эшитгансиз. Хўш, одам организмининг неча миқдори сув? У организмнинг барча органларида, ҳатто суяк тўқималарида ҳам мавжудми?
Буни қарангки, танамизнинг ҳар битта ҳужайрасида сув мавжуд. Тўғрироғи, ҳужайраларимиз деярли сувдан иборат. Бош мия ҳужайраларида сув 80%, мушакларда — 76%, суяк тўқимасида эса 25% ни ташкил этади.
34-маълумот: мактаб дарсликларининг одам анатомияси фанини қунт билан ўрганган кишилар танамизда жойлашган ташқи секреция, ички секреция ва аралаш безлар ҳамда уларнинг фарқларини яхши билишади.
Масалан, гипофиз, эпифиз, қалқонсимон без, қалқон орқа, айрисимон ва буйракусти безлари — ички секреция безлари дейилади. Ички секреция безларининг умумий оғирлиги атиги 100 граммни ташкил этади.
Бироқ уларнинг аҳамияти беқиёс. Масалан, танада ўсиш гормонини назорат қиладиган гипофиз бези нўхатдек бўлиб, оғирлиги атиги 0.5–0.6 граммга етади.
Унинг яллиғланиши гигантизм (бўйи 2 метр ва ундан баланд кишилар) ёки нанизм (паканалик касали) каби касалликларни келтириб чиқаради.
Гипофиз бези мия билан 100 мингдан ортиқ асаб толалари орқали боғланган бўлади. Оғирлиги атиги 0.2 грамм келадиган эпифиз бези ҳам организмдаги муҳим жараёнларни бошқаради.
35-маълумот: одам организмнинг деярли барча тана қисмлари тана туклари билан қопланган. Биз уларни туклар, соч толалари, қош, мўйлов ва соқол туклари деб ажратамиз.
Улар фақат кафт терисида, бармоқларимизнинг ён ва уч қисмида, товон ва лабимизнинг қизил териси сиртидагина йўқ...
Кишининг, хусусан аёлларнинг юзи силлиқ туюлсада, унда ҳам кўзилғамас юзлаб туклар мавжуд. Улар терининг қаерида жойлашишига қараб 1 сантиметр квадратга ўртача 18 дона тукдан 320 тола туккача бўлиши аниқланган.
Танамиздаги туклар ҳимоя ва сезги вазифасини бажариш билан бирга ўзига хос гўзаллик ҳам бахш этади. Масалан, соч ва қошларимиз.
Буни қарангки, сариқ сочли кишиларнинг бошида ўртача 80 минг, қора сочлиларда 100 минг, оқ сочли кишиларда эса 140 мингта соч толаси бўларкан.
36-маълумот: соч толасининг ўртача қалинлиги 130 микрон. Унинг 200 грамм оғирликни кўтара олиш хусусиятига эга.
Соч толалари асосан кератин номли оқсилдан иборат бўлиб, унинг таркибида 5% олтингугурт ва 20% азот мавжуд. Оддий қилиб айтганда, соч толасининг қалинлиги совун пуфаги деворининг қалинлигидан 5000 марта йўғон, капиляр қон томирларидан 5 марта, ўргимчак тўридан эса 20 марта йўғон.
Соғлом кишининг сочи (унинг ёшига қараб) бир кунда 1.0–1.5 сантиметр ўсади. Киши бошидан кунига ўртача 15–70 та, айрим ҳолларда эса 100–450 та соч толаси тушиши, худди шунчаси ўсишни бошлаши мумкин.
Танамиздаги тукларнинг сони, узунлиги, ўсиши ва тўкилиши — биз яшаётган иқлим шароити билан чамбарчас боғлиқ.
37-маълумот: инсон танаси тери билан қопланган. У ҳимоя, сезги ва бошқа бир нечта вазифаларни бажаради. Вояга етган инсоннинг тери сатҳи 1.5–2.0 метр квадратга тенг.
Албатта бу кишининг ёши ва вазн оғирлиги билан боғлиқ. Терининг сиртки қавати ҳар 15–20 кунда янгиланиб туради. Соч, тана туклари, қош, муйлаб-соқол, тирноқ — тери ҳосилалари ҳисобланади.
Тери рангининг ўзгариши, ундаги доғларнинг кўпайиши каби аломатлар — мунтазам равишда киши танасидаги касалликлар ҳақида хабар бериб туради. Терининг сиртки қавати мунтазам равишда едирилиб, яна янгиланиб турилади.
Биргина қўл ювишда минглаб тери ҳужайраларини йўқотамиз...
38-маълумот: овқат ҳазм қилиш, нафас олиш, моддалар алманишуви жараёнида қонга организм учун ёт бўлган моддалар ажратилади. Қон таркибидан ёт моддаларни сийдик кўринишида ажратиб олувчи орган — бу буйрак.
Бир жуфт буйрак танамизнинг ўзига хос фильтри ҳисобланади. Унинг шакли ловияни эслатади.
Киши организмида сутка давомида айланадиган қоннинг барчаси шу митти орган орқали тозаланади. Унинг оғирлиги вояга етган кишиларда атиги 120–200 граммни ташкил этиб, бўйи 10–12, эни 5–6, қалинлиги эса 4 сантиметр атрофида.
Энг қизиғи, одатда, ўнг буйрак чап буйракка нисбатан бироз кичикроқ бўлади. Ҳар битта буйракда 1 миллиондан зиёд нефрон деб аталадиган микроскопик найчалар бўлиб, уларнинг узунлиги атиги 50–55 миллиметр, умумий узунлиги эса 100 километрдан ошади.
39-маълумот: одамнинг ўртача физиологик вазни унинг ўртача физиологик бўйига боғлиқ. Масалан, 178 сантиметр бўйга эга кишининг ўртача вазни (178 – 100 = 78) 78–80 кг деб белгиланади.
165 сантиметрли аёлнинг ўртача вазни (165 – 100 = 65) 63–65 килограмм атрофида.
Қисқаси, вояга етган кишининг ўртача вазнни аниқлаш учун унинг бўйидан 1 метрни айириб, қолган сантиметр узунлик натижаси килограммдаги вазнга тенглаштирилади.
Эътибор берган бўлсангиз, ўртача вазн, бўй ва бошқа шартли ўлчовлар айтилганда, кўрсаткичлар эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида келтирилади.
Масалан, вояга етган соғлом эркак кишининг танасида 5.2 литр, вояга етган соғлом аёлнинг танасида 3.9 литр қон бўлади. 1 миллиметр куб қон таркибида эса 3,9–5,0 миллион эритроцит, 4–9 минг лейкоцит, 180–320 минг тромбоцитлар мавжуд.
100 миллилитр қонда 3–16 грамм гемоглобин бор. Тромбоцитларнинг умри борйўғи 8 кунга тенг.
Бироқ бу ва бу каби кўрсаткичлар аёл ва эркакларда бироз фарқ қилиши табиий ҳолат деб ҳисобланади.
40-маълумот: ўзбек хонадони кўз ўнгингизга келса, унда ишком қилинган ток дарахти, ишком устунлари орасидан осилиб турган узум шингиллари тасаввур этилиши турган гап...
Агар бир бош узум шингилини қўлингизга олиб, мева доналарини кузатсангиз, она табиатнинг маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ!
Буни қарангки, одамнинг бир жуфт ўпкасининг сиртида ҳам ана шу узум шингилларини эслатувчи тўқималар мавжуд экан. Уларни ўпка альвеолалари деймиз...
Нафас орқали ютган кислород ўша тўқималар орқали қонга сингиб, ҳосил бўлган ортиқча газлар ҳам ана шу тўқималар орқали ўпка бўшлиғига чиқарилади.
Бир жуфт ўпкалардаги альвеолалар сони 600–700 миллионга етади ва уларнинг юза кенглиги (сатҳи) 40–120 метр квадратга тенг.
Оддий қилиб айтсак, ўпкамизнинг альвеолар жойлашган сатҳи — биз яшаётган 3 хонали уйнинг сатҳидан каттароқ.
Саломат бўлинг!