Битта инсон организмида кечадиган иш ҳажмини — Ер юзида мавжуд завод-фабрикалар бажара олмаган бўлар эди. Биргина мия фаолиятининг мураккаблиги — шу кеча-кундузда мавжуд алоқа тизимларидан-да мураккаброқ...
Марҳамат, унинг ИККИНЧИ ЎНТАЛИГИ билан танишинг!
11-маълумот: инсон организмида ўта мураккаб биокимёвий реакциялар содир бўлишини ҳаммамиз биламиз. Истеъмол қиладиган озиқ-овқатимиз таркибида оқсил, ёғ, углевод ва минерал тузлар бўлиши ҳам барчамизга аён.
Оқсиллар таркиби — азот таркибли мураккаб молекулали аминокислоталар эканлиги ҳам кўпчиликка маълум.
Хўш, танамиздаги мураккаб биокимёвий реакциялар қандай, бир кунда неча марта содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Умуман, буни тасаввур қилиш мумкинми?
Буни қарангки, оқсил таркибидаги 20 дан зиёд аминокислоталар 2500000000000000000 та биокимёвий реакциялар орқали оқсил моддаларнинг турли кўринишларини ҳосил қиларкан.
Реакциялар сонини тўғри ўқий олдингизми ўзи..?
12-маълумот: халқимиз орасида “адреналин” ибораси жуда машҳур. Ушбу гормон номини ҳис-ҳаяжон, ғайрат-шижоат каби сифатлар билан боғлашади.
Фанда адреналин гормони термин сифатида 1901 йилдан буён қўлланиб келинади. У биринчи марта 1905 йилда кимёвий синтез орқали олиниб, сўнг батафсил ўрганилган.
Нима деб ўйлайсиз, сизда адреналин миқдори қанча?
Сизнинг ҳис-ҳаяжон ҳолатингиз адреналин пайдо қиладими ёки аксинча, адреналин гормонининг қонга ажратилган миқдори сизни ҳис-ҳаяжонга солиб, ғайрат, шижоат, қўрқув, хайрат каби руҳий ҳолатларга соладими?
Буни қарангки, атиги 15 грамм адреналин гормони бутун ер юзидаги инсонларни “ҳаяжонга солиш” учун етарли бўларкан.
Демак, ушбу гормоннинг қонимиз таркибидаги миқдори одатда жуда-жуда кам бўларкан. Бироқ ҳаяжон учун шу ҳам етарли!
13-маълумот: танамизнинг аксарият қисми, айниқса қон оқсил тўқималардан иборатлигини кўпчилигимиз биламиз. Оқсил, ўзининг табиатига кўра, иссиқлик таъсирида тезда ўзгарувчан, яъни қуюқлашувчан модда.
Масалан, товуқ тухуми. У сиртки қобиғидан ташқари 100% оқсилдан иборат. Тухум бир оз юқори ҳароратда “пишиб” қолиши барчамизга аён. Демак, юқори ҳарорат — киши организми учун хавфли!
Тана ҳароратининг меъёри 36.6 oC эканлиги маълум. Бу кўрсаткич сутэмизувчи ҳайвонларда 32–39 oC, қушларда 40–41 oC ни ташкил этади. Одам иситма қилганда 40–41 oC дан сўнг ваража, алаҳсираш, беҳушлик кузатилади.
Инсон организми энг кўпи билан 44–45,5 градус, айрим ҳолларда цельсий шкаласи бўйича 45–46 градус ҳароратни кўтара олиши мумкин экан.
Ҳарорат 45–46 oC дан ошгандан сўнг қон таркибидаги оқсил қуюқлашиб, натижада инсон нобут бўлади. Шунинг учун иссиқ ҳавода юрганимизда кўп миқдорда сув ичамиз, тез-тез нафас оламиз, нафас чиқариш ва тер ажратиш орқали ўзимизни совутишга ҳаракат қиламиз...
14-маълумот: танамизда рўй берадиган мураккаб биокимёвий реакциялар туфайли инсон организмида куч-қувват пайдо бўлишини яхши биламиз.
Мазкур моддалар алманишуви деб аталадиган реакциялар натижасида танамиздан иссиқлик энергияси ҳам ажралиб чиқади. Шу энергия ҳисобидан тана ҳароратини бир меъёрда ушлашга муваффақ бўламиз.
Айнан ўша иссиқлик энергиямизни беҳуда сарфламаслик учун қалин кийимлар кийиб юрамиз (куз-қиш ойларида), ёки аксинча, тана ҳароратини бир меъёрда ушлаш мақсадида енгил кийинамиз (баҳор-ёз ойларида).
Хўш, бир сутка давомида ўрта ёшдаги ўртача вазнли киши қанча иссиқлик ишлаб чиқаради? Бунинг ўлчови, миқдори борми ўзи?
Албатта бор! Бунинг ўлчов ва миқдорини мисол тариқасида аниқлаймиз. Киши бир сутка мобайнида танасидан чиқарган иссиқлик қуввати билан 33 литр муздек (0 oC дан) сувни қайнатса (100 oC гача) бўлади.
Ана шунақа!
15-маълумот: 1 минутда 60 секунд, 1 соатда 60 минут, 1 суткада 24 соат борлигини яхши биласиз...
Хўш, бир сутка давомида неча соат ухлайсиз? 8 соатми? 10 соатми? Ўзи умуман, ҳаётимизнинг қанча вақтини уйқуга бағишлаймиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Маълум бўлишича, инсон ўртача умр ёши — 60 йилнинг 20 йилини уйқу билан ўткаркан. Ахир киши ухламасдан энг кўпи билан 3 сутка юриши мумкин-да!
16-маълумот: танамизда мавжуд сезги органларининг аҳамияти беқиёс. Улар туфайли оч қолгач, овқатланамиз, толиққач, ухлаймиз. Кўрамиз, эшитамиз, ҳис этамиз ва ҳоказо...
Энг кучли сезги рецепторлари тил ва лабларимизда жойлашган. Танамизни қоплаб олган тери қаватининг исталган қисми ҳам ана шундай сезги тугунларига бой.
Масалан, тери сатҳи юзасининг 1 сантиметр квадратида 100 дан ортиқ, бутун тери сатҳида эса миллионга яқин оғриқ нуқталар (асаб тугунлари) мавжуд.
17-маълумот: сизга “қандай эшитаяпсиз”, деб савол берсак, “яхши” деб шу ондаёқ жавоб қайтарасиз.
Агар сизга “«нима орқали эшитаяпсиз”, деб сўрасак, албатта “қулоғим орқали” деб жавоб қайтарасиз. Бироқ эшитиш функцияси нақадар мураккаб жараён эканлиги хаёлингизга ҳам келтирмайсиз...
Диққат қилинг: аввал қулоқ пардаси ҳавода ҳосил бўлган товуш таъсирида тебранади ва ўша тебранишлар “махсус код” орқали мияга юборилади. Миянинг эшитиш ҳудудида ҳалиги кодлар тилсими аниқланиб (кодлар таҳлил этилиб), мия ҳужайралари лозим топган буйруқ орқали жавоб қайтарилади (тил, жағ ва лабларга буйруқ беради).
Бу жараён секунднинг бир неча юз бўлагидан бирида амалга оширилади. Масалан, ўз исмингизни 0.01 секунд ичида эшитиб, 0.15 секунд ичида ўша томонга қарайсиз.
18-маълумот: инсон организмини юксак компьютер технологиялари билан бойитилган миллионлаб ишлаб чиқариш ускуналарига эга завод-фабрикага ўхшатиш мумкин. Бу шартли ўхшатиш, албатта...
Битта инсон организмида кечадиган иш ҳажмини — Ер юзида мавжуд завод-фабрикалар бажара олмаган бўлар эди. Биргина мия фаолиятининг мураккаблиги — шу кеча-кундузда мавжуд алоқа тизимларидан-да мураккаброқ!
Масалан, мия яримшарлари пўстлоғининг 1 миллиметр кубидан 30 мингга яқин нейрон мавжуд. Уларнинг ҳар бири секунднинг бир неча юз бўлаги давомида 2–5 минг нейрон билан ахборот алмашишга қодир. Энди бутун бир миянинг иш фаолиятини тасаввур қилаверинг!
19-маълумот: оқ қон таначалари — лейкоцитлар. Улар қон таркибидаги зарарли моддаларни (вируслар, бактериялар, ёт таначаларни) бартараф этади.
1 миллилитр қон таркибида лейкоцитлар сони 4–9 минг атрофида бўлиши меъёрий кўрсаткич. Буни яхши биласиз...
Қизил қон таначалари эса — эритроцитлар. Улар тўқималарга кислород ташувчи таначалар бўлиб, 1 миллилитр қон таркибида эритроцитлар сони 3.9–5.5 миллион атрофида бўлишини ҳам яхши биласиз.
Агар инсон танасида мавжуд қон таркибидаги эритроцитларни минутига 100 донадан санашга улгурсак, уларнинг барчасини санаб улгуриш учун 450–500 минг йил вақт керак бўлар эди.
20-маълумот: инсон организмида мавжуд қайсидир модда унинг маълум бир органи ёки тўқимасида ишлаб чиқарилади (синтезланади).
Бироқ бу “ишлаб чиқаришда” танамизда оқаётган қон иштирок этмасдан иложи йўқ...
Хўш, шундай экан, унда қизил қон таначалари — эритроцитлар қаерда ишлаб чиқарилади? Бу ҳақда биласизми? Қанча миқдорда ишлаб чиқарилишини-чи?
Билмасангиз, билиб олинг! Бир сутка мобайнида суяк кўмикларида 320 миллиард дона эритроцит ишлаб чиқарилади. Бу билан қон таркибидаги эритроцитлар ўзига хос тарзда “янгиланиб” турилади.
Хўш, маълумотлар Сизга ёқдими? Унда мазкур туркумнинг УЧИНЧИ ЎНТАЛИГИни кутинг...