...
МЕНЮ
ONLINE TV

Инсон организми ҳақида 40 та қизиқарли маълумот: учинчи ўнталик


14:48, 02.09.2017 Бу қизиқ
 6 505

Жаҳоннинг жуда кўп миллатлар тилида “руҳ”, “жон”, “қалб”, “кўнгил”, “ҳиссиёт” каби сўзларни биргина “юрак” сўзи билан ифодалашлари аниқланган.

Азиз ўқувчилар, “Бу қизиқ” туркуми давом этмоқда! Эътиборингизга одам организмига тааллуқли бўлган 40 та қизиқарли маълумотлар тақдим этилмоқда...
 
Марҳамат, унинг УЧИНЧИ ЎНТАЛИГИ билан танишинг!
 
21-маълумот: эритроцитлар суяк кўмикларида суткасига миллиардлаб ишлаб чиқарилишини билиб олдик. Яна улар кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши орқали янгиланиб туришини ҳам билиб олдик.
 
Хўш, унда эритроцитлар қанча вақт ўз вазифасини бажаради? Уларнинг умри қанча?
 
Келинг, бу саволга қуйидагича жавоб берамиз: эритроцитлар ўртача 24–48 соат умр кўрадилар. Лейкоцитлар суяк кўмик моддасида, талоқ ва лимфа тугунларида ишлаб чиқарилади.
 
Бироқ уларнинг фаолият кўрсатиш муддати кишини ваҳимага солади. Лейкоцитлар бир неча турларга бўлинган таначалардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари бир неча соатгина яшайди. Бошқа бирлари эса 7–14 кун умр кўради.
 
Айрим лейкоцит турлари (масалан, лимфоцитлар) ўртача 4–5 йил, ҳатто 10 ва ундан ортиқ йиллар давомида ўз вазифасини бажариш имкониятига эга.
 
22-маълумот: маълумки, инсон организмида 4 хил тўқима мавжуд (эпителий, бириктирувчи, мускул, нерв тўқималари).
 
Бириктирувчи тўқима — қон ўзининг “қатъий тартибли” таркиби билан ўзига хос тарзда ажралиб туради. Унинг таркибида: оқсил — 5–8 %, қанд — 0.07–0.12 %, тузларнинг умумий таркиби 0.9 % га тенг.
 
Бириктирувчи тўқиманинг қатъий таркибининг бузилиши — потология, яъни касаллик аломатларини билдиради.
 
23-маълумот: инсон организмида 2 та (катта ва кичик) қон айланиш тизими мавжудлигини яхши биласиз. Уларнинг бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқлиги, иккиси биргаликда яхлит қон айланиш тизимини ҳосил қилиши ҳам кўпчиликка аён.
 
Вояга етган киши танасида қон 20–28 сония ичида (катта ва кичик қон айланиш тизимини) бир марта айланиб чиқади. Тана тинч ҳолатда турганда, албатта.
 
Болаларда бу кўрсаткич 15 секундни ташкил қилса, ўсмир ёшлар танасидаги қон 18–20 секунд ичида юракдан чиқиб, юракка етиб келади. Бу юракнинг ишлаш ритми, яъни 1 минутда неча марта уриши билан боғлиқ.
 
Шундай қилиб, тана таркибидаги қон 1 суткада 1.5–2.0 минг марта “саёҳат” қилади.
 
24-маълумот: ҳис-туйғулар жумбушга келганда “юрагим ўртанди” дейишганини гувоҳи бўлгансиз.
 
Жаҳоннинг жуда кўп миллатлар тилида “руҳ”, “жон”, “қалб”, “кўнгил”, “ҳиссиёт” каби сўзларни биргина “юрак” сўзи билан ифодалашлари аниқланган.
 
Айниқса бу нарса бадиий адабиёт, хусусан шеъриятда кўп ишлатилади. Хўш, нега шундай? Нега оддий қон ҳайдаб берувчи органни руҳият билан боғлаймиз?
 
Ҳис-ҳаяжон, руҳий ҳолатларнинг ўзгариши — қон таркибига ажралувчи гормонлар миқдорини ўзгартириб туради. Табиийки, гормонлар таъсирида юрак фаолиятида бироз ўзгаришлар, тебранишлар пайдо бўлади. Натижада киши буни сезади ва ҳодисани ўзининг руҳий ҳолати билан боғлайди.
 
Аслида юракнинг оғирлиги тана вазнининг тахминан 1/200 бўлагига тенг. Бироқ қон айланиш тизимининг “двигатели” бўлган юракнинг иш фаолияти учун бутун тана аъзолари сарф қиладиган қувватнинг 1/20 қисми ишлатилади.
 
Негаки бошқа аъзоларга нисбатан юрак 20 баробар кўп иш бажаради.
 
Қисқаси, юрак сева олмайди, у фақат қон ҳайдайди! Севги-муҳаббат — бош мия ва ундан ажраладиган гормонларда намоён бўлади...
 
25-маълумот: нафас олиш — тириклик белгиси. Тирик инсон — ҳар сонияда нафас олиб туриши шарт.
 
Нафас орқали кислород ютамиз, сўнг унга улерод атомини қўшиб қайта ажратамиз. 1 та углерод атомига бириккан 2 та кислород атоми — карбонат ангидрид (CO2). У — зарарли!
 
Яшил ўсимликлар ўша углерод оксидини ютиб, фотосинтез жараёни орқали  бизга яна кислородимизни қайтариб беради... Бу жараён бир неча минг йиллардан бери шундай!
 
Ҳавода кислород атиги 20–21% (20.95%).
 
Унинг аксарият қисми — азот 78–79% (78.09%).
 
Карбонат ангидрид эса атиги 0.03%. Унинг миқдори кўп бўлса, нафасимиз қисиб, натижада нафас етишмовчилигидан нобут бўламиз.
 
Чиқараётган нафасимиз таркибидаги карбонат ангидрид ҳаводагига нисбатан 70–100 марта кўп. Шунинг учун кичик ҳажмли идишдаги (жойдаги) ҳаводан қайта-қайта нафас олиб тура олмаймиз.
 
26-маълумот: инсон организмида асаб тизими, хусусан мия фаолиятининг аҳамияти ва ўрни беқиёс. Ҳар битта ҳаракатимиз, танамизнинг ҳар битта органи, тўқимаси, керак бўлса, ҳар битта ҳужайрамиз фаолияти мия фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.
 
Сезгилар маркази, хотира эса мия яримшарларида. Мия яримшарларидаги қон томирларидан минутига 3–4 литр қон оқиб ўтади. Агар ушбу қон миқдорини қон томирлари узунлигида тасаввур қилсак, уларнинг умумий узунлиги 560 километрни ташкил этган бўларди.
 
27-маълумот: одам организмининг таянч системаси — бу унинг суякларидан иборат устихони ҳисобланади. Уни илмий тилда “одам скелети” деб атаймиз.
 
Суяклар таянч вазифасидан ташқари яна қон таналари ишлаб чиқарувчи орган ҳисобланади. Суяклар мускул тўқимаси билан бирга одамнинг тик туриши, юриши, ҳаракатланишини таъминлашини ҳам ҳамма билади.
 
Бироқ одамнинг устихони 200 тадан зиёд суяк бирикмасидан ташкил топганлигини ҳамма ҳам билавермаса керак.
 
28-маълумот: жигар одам организмидаги энг катта без эканлиги кўпчиликка маълум. У овқат ҳазм қилишда, организмга зарур моддаларни ишлаб чиқаришда, моддалар алманишувида, қон айланиш ва айириш тизимининг иш фаолиятида иштирок этади.
 
Жигар тана вазнининг тахминан 1/20 дан 1/36 гача нисбатга тенг оғирликка эга. Унда 400 граммгача қон заҳираси мавжуд. Шунинг учун бўлса керак, жигар унинг оғирлигига тенг мушак тўқимасига нисбатан 10 баробар кўп кислород сарф қилади ва шунча кўп иссиқлик ажратади.
 
Бекорга ўзбеклар ўзига яқин кишини, яқин қариндошини “жигарим” деб атамайди.
 
29-маълумот: ўрта ёшли соғлом кишининг жигари 1.5–2.0 кг атрофида бўлади. Унинг йириклашиб кетиши (шишиб кетиши, ёғ тўқимаси қоплаши) ҳам, аксинча, кичиклашиб (қуриб қолиши) ҳам — потология, касаллик аломати.
 
Жигар қон таркибидаги токсинларни синтезлаб, организмдан чиқариб ташлайди. Масалан, алкоголь ичимликларни...
 
У «А» витаминининг заҳира қўрғони ҳисобланади. Жигарда 500 дан зиёд мураккаб биокимёвий реакциялар содир бўлиб туради.
 
Организмнинг энг катта бези — жигар орқали ҳар дақиқада 1,5 литр қон оқиб ўтади. Бир суткада унинг ҳажми 2000 литрга етади.
 
30-маълумот: овқат ҳазм бўлиши ҳам мураккаб биокимёвий жараён. Таом майдаланиб, бўтқасимон шаклга келиб, ошқозон орқали ичакларга ўтади. Ўн икки бармоқли ичак, ингичка ичаклар, тўғри ичакка ўтиб боргунча таркибидаги фойдали моддалар билан қонни бойитади.
 
Ўн икки бармоқли ичак деворининг 1 сантиметр квадратида 3–4 мингта сўрувчи туклар бўлиб, ҳар битта тук тахминан 3 мингта ҳужайра ва 100 тадан зиёд сўрувчи найчалардан иборат.
 
Ичаклардаги сўрувчи туклардан иборат умумий юза — бутун тери сатҳидан 3 баробар катта.
 
Азиз муштарий, юқорида келтирилган маълумотлар Сизга ёқдими? Унда мазкур туркумнинг ТЎРТИНЧИ ЎНТАЛИГИни кутинг...
Улуғ БЕК 

Теглар:Одам организми Кўмик Адреналин гормони Тўқима Потология Руҳий ҳолат Одам скелети Ичаклар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!