Раҳбарият шу куннинг ўзида АГМКни мавсум охиригача таниқли мураббий бошқаришини эълон қилди.
Олмалиқнинг АГМК клуби бош мураббийи Виктор Кумиков ўз хоҳишига кўра, истеъфога чиқди. Бу ҳақда клуб Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бир ярим мавсум давомида жамоани бошқариб келган Виктор Балютович, жамоа раҳбариятига мурожаат этиб, амалдаги шартномани бекор қилишни сўраган.
Шунингдек, ўз аризасига биноан катта мураббий Олег Корниенко, мураббий Роман Узденов, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Марат Ахмеров ва шифокор Маҳсуджон Назаровлар билан ҳам амалдаги шартномалари бекор қилинди.
Маълумот ўрнида Виктор Кумиков 2017 йилги мавсум бошида жамоани қабул қилиб олганди. У ўтган давр мобайнида АГМКни миллий чемпионатда 43 ўйинда майдонга бошлаб тушди. Бу учрашувларда АГМК 15 ғалаба, 12 дуранг ва 16 мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати 42:48. Шунингдек, жамоа Ўзбекистон кубоги баҳсларида ўтган йил 3 ўйин ўтказиб бир ғалаба ва икки дуранг қайд этган бўлса, бу йилги кубок баҳсларида икки ғалаба билан бош соврин йўлида иштирокини давом эттирмоқда.
Раҳбарият шу куннинг ўзида АГМКни мавсум охиригача таниқли мураббий Бахтиёр Ашурматов бошқаришини эълон қилди.
Бахтиёр Аъзамович шу кунга қадар “Бухоро” футбол клуби мураббийлар штабида фаолият олиб бораётганди. Ашурматовдан ташқари бунга қадар ёшлар жамоасида фаолият олиб борган Аъзам Шерғозиев ҳам асосий таркибга ўтказилди.