...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бозорда гўштнинг нархи 29000 сўмга тушди. Лекин қани ўша гўшт?


21:46, 22.07.2017 Жамият
 15 627

Бу ерга “терминал бор” ва “мол гўшти 29000, қўй гўшти 30000” сўмлиги ёзиб қўйилган. Бироқ қани ўша арзон гўштнинг ўзи?

Айни кунларда гўшт нархининг кескин ошиб кетиши халқ орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. Айримлар буни ем-хашакнинг қимматлашиши билан изоҳласа, бошқалар қора молларнинг камайиб кетганини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Биз эса мазкур масалага ойдинлик киритиш учун бир неча бозор ва савдо марказларига йўл олдик.


 
Мазкур сурат Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорининг гўшт маҳсулотлари сотиладиган расталаридан бирига тегишли. Аҳамият берган бўлсангиз, бу ерга “терминал бор” ва “мол гўшти 29000, қўй гўшти 30000” сўмлиги ёзиб қўйилган. Бироқ қани ўша арзон гўштнинг ўзи? Бошқа расталарни айланиб, белгиланган қийматни солиштириб кўрдик. Афсуски, айрим сотувчилар гарчи нархларни арзонроқ ёзиб қўйган бўлса-да, яъни 30000, 29000, бироқ суякли гўштнинг сотилиши 35000, суяксизи эса 40000 сўм. Кўрсатилган сумма харидорни жалб этиш ёхуд мабодо нархларни текшириш учун тегишли мутасаддилар келиб қолгудай бўлса, ўзини оқлаш учунгина ёзиб қўйилгани ойдинлашди. Нима учун гўштнинг қиймати кескин ортиб бораётгани хусусида сотувчилар фикри билан ҳам қизиқдик. Улардан бири охирги пайтларда пойтахтга сўйиш учун молларнинг келмаётгани, шунинг учун гўштнинг кескин қимматлашиб бораётганини айтди.


 
Шундан сўнг “Фарҳод бозори”га йўл олдик. У ерда ҳам аҳвол “Чорсу” бозоридаги ҳолат билан деярли бир хил. 34000 сўм суякли мол гўшти, лаҳм гўшт эса 40000. Сотувчи йигитдан нима учун гўштнинг қиймати бунчалик баландлаб кетаётганини сўраганимда у қуйидагича жавоб берди: “Биз ҳам нима қилайлик, вилоятлардан мол деярли келмаяпти. Мана ҳозир акам мол қидириб кетди. Эртага сўйиб сотиш учун мол топиш ҳам амримаҳол бўлиб қолди”. Молнинг нима учун келмаётганини сўраганимизда эса “Гўшт четга экспорт қилиняпти, шунинг учун ўзимизга етиб келмай, фермерлардан четга чиқиб кетяпти”, деган жавобни берди.
 
Вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида “Макро” ва “Корзинка” супермаркетларидаги ҳолат билан ҳам қизиқиб кўрдик. Қуйида “Корзинка” савдо мажмуасидан олинган сурат. Ундаги нархларни ўқиган киши “қанча кўп гўшт есанг, шунча тез қарийсан” деган гапга ўзини ўзи ишонтириб юбориши турган гап (гарчи у ҳар куни гўшт еб юрмаган бўлса-да). Нархнинг нима учун бу даражада қимматлигини сўраганимизда “Корзинка” сотувчиси қуйидаги фикрларни билдирди: “Биз қийматни ўзимиз белгиламаймиз. Уни бизга гўшт етказиб бераётганлар белгилаб беради. Нархнинг бу даражада кўтарилишига сабаб эса гўштнинг ўзи йўқ, чет элга экспорт қилинаётгани учун қорамолларнинг келиши камайиб кетди”.






 
Очиғи, бундай вазиятда бечора халқ дардини кимга айтиши керак? Мазкур қимматчилик учун на сотувчи, на қассоб ва қорамол етиштириб берувчини айблай оласан киши. Авваллари дехқон ва чорвадорлар қора қозонни қайнатиш учунгина меҳнат қилишарди. Маҳсулоти пишиб етилганидан сўнг четга чиқувчи йўллар ёпилиб, аввало “халқ тўйсин” қабилида иш кўриларди. Бироқ, бечора деҳқон ва чорвадорлар баъзан зиёнига, баъзан эса “ўлмагудек” фойда кўрардилар. Айни вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг четга экспорт қилинишига рухсат берилиши уларнинг “косасини оқартирди” дейишимиз мумкин. Аммо энди халққа жабр бўлмаяптими? Бундай вазиятда энг мақбул йўлни танлаб, тегишли мутасаддилар “сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” тизим ишлаб чиқишларига умид қилиб қоламиз.
Меҳринисо Икром қизи

Теглар:гўшт Чорсу Тошкент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Muxlisa
17:36 24.07.2017

Nimaga endi faqat gap gap gap? Qachon bunaqangi vaziyatlarga kerakli chora ko'riladi? Faqat taxlil qivurishdan qachon töztiymiz?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар