Парламент сўровига асосан 148 та маданият ва истироҳат боғи ўрганилди.
25 август куни бўлиб ўтган Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида сенаторлар маданият ва истироҳат боғлари, маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган аттракцион қурилмалар устидан ўрнатилган давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга юборилган парламент сўрови натижалари бўйича ахборотни муҳокама қилдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Парламент сўровига мувофиқ тузилган ишчи гуруҳ томонидан 148 та маданият ва истироҳат боғи ўрганилиб, ишлаб турган 1 758 та аттракцион ва ўйин қурилмалари хавфсизлик нуқтаи назаридан текширилгани айтиб ўтилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра объектлардан хавфсиз фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, ушбу соҳадаги ягона давлат назорати самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Муҳокамада сенаторлар томонидан соҳани ривожлантириш юзасидан бир қанча тавсиялар билдирилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур тадбирлар режаси ўз вақтида ижро этилиши зарурлиги таъкидланди.
Ушбу масала юзасидан Сенат қарорининг ижро этилишини мониторинг қилиш Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига топширилди.
Маълумот учун, Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши режалаштирилган Давлат дастурини ижро этишга қаратилган 27 та масала, шу жумладан, 10 та қонун муҳокамаси кўриб чиқилди. 6 та янги қонун лойиҳаси тасдиқланди.