Қизалоқнинг онаси боғча тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Айбдор тарбиячи эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.
Она, табиийки, жон ваҳмида сўрайди: “Қизим нега йиғлаяпти?”. Тарбиячи эса узр сўраш ўрнига онани ҳақорат қилади. Даҳанаки айтишув якунида у қизалоқнинг онасига қўлини пахса қилади: “қаерга борсанг, боравер, қўлингдан келганини қил”.
Она дастлаб боғча мудирасига шикоят қилиш билан чекланади. Бироқ ўша кечаси қизалоқнинг иситмаси кескин кўтарилиб кетиб, туни билан алаҳлаб чиқади. Шифокорлар унга аниқ ташхис қўя олишмайди: “руҳий жароҳат — қўрқиш оқибатида бирор хасталикка чалинган бўлиши мумкин, бироз кутайлик, белгилари аниқ бўлади”, дейишади.
Қизалоқнинг онаси боғча тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Мазкур мурожаат назоратга олиб ўрганилгач, унда кўрсатилган барча ҳолат ўз исботини топди. Шу боис мурожаат бўлган куннинг ўзидаёқ айбдор тарбиячи эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида тарбиячиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар минглаб юртдошларимиз қалбини ларзага солган эди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарида шу мазмундаги мурожаатлар зудлик билан ўрганилиб, мурғак қалбларга қўрқув уруғини сочаётган кимсаларга қонун доирасида муросасизлик билан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш кўзда тутилган.