Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси вазиятни ўрганиб, унга ойдинлик киритди.
Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси вазиятни ўрганиб, унга ойдинлик киритди.
Маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан октябрь ойида туманда ўрганишлар олиб борилган. Янгиараб қишлоғидаги мазкур муассасада ҳам иситиш тизимини янгилаш масаласида муаммо мавжудлиги аниқланиб, уни амалий ҳал этиш тадбирлари кўрилган. Бунинг учун зарур маблағ ажратилиб, иситиш тизими талабга жавоб бермагани сабабли, замонавий иситиш қозонлари ўрнатиш белгиланган. Муассасага 4 та иситиш қозони сотиб олиш ва иссиқлик тизимини таъмирлаб, ўрнатиб бериш учун 2018 йил 31 октябрь куни “Беҳрўз” фирмаси билан шартнома тузилган. Ҳозирда бу ерда барча ишлар ниҳоясига етказилмоқда, қозонхоналар томи тўлиқ ёпилган.
Мухбир мактабгача таълим муассасасига келганида иситиш тизими янгиланаётганини инобатга олмаган. Ҳали иситиш даври бошланмасдан туриб, болалар гўё совуқда қалин уст–бош билан ухлаяпти, деган важни келтирган. Хўш, бу билан у мактабгача таълим масканларида амалга оширилаётган кўплаб хайрли ишларни йўққа чиқармоқчи бўлдими? Бир томонлама ёзилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган бу хабарни тарқатиш кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Ваҳоланки, 1 ноябрдан бошлаб мазкур мактабгача таълим муассасасида иситиш тизимлари ишга туширилган ва хоналар ҳарорати 20-22 даражани ташкил этмоқда.
Мактабгача таълим муассасаси мудираси Хуршида Қодированинг таъкидлашича, ҳозир бу ерда 125 нафар бола тарбияланмоқда. Куз-қиш мавсуми учун 10 тонна кўмир, 20,5 тонна брикет захираси яратилган. Муассасани девор билан ўраш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам давом этмоқда. Ҳеч ким ўзини оқлаш ниятида эмас. Албатта, айрим мактабгача таълим муассасаларида иситиш, таъмирлаш билан боғлиқ муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Вилоят ҳокимлиги томонидан улар босқичма–босқич ҳал этилмоқда. Айни пайтда вилоятда 775 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётир. Биргина жорий йилда иситиш тизимини яхшилаш мақсадида 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилди. 20 минг тонна кўмир ва брикет захираси яратилди. Бугунги кунда мактабгача таълим масканларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Инвестиция дастури асосида эса жорий йилда 3 та янги боғча қурилди, 34 та мактабгача таълим маскани реконструкция қилинди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 30 та мактабгача таълим муассасаси таъмирланди.
Фарғона вилояти ҳокимлигининг
ахборот хизмати раҳбари