...
МЕНЮ
ONLINE TV

Боғчалардаги овқатлантириш тизими Ҳукумат эътиборида. Янги қарор қабул қилиниши кутилмоқда


19:03, 27.11.2018 Жамият
 4 413

1 январдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасалари бош ошпази, ошпази ва ошхона ишчилари, озиқ-овқат омборлари мудирлари лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча тўлов жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Мазкур қарор аввалида унинг мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини соғлом овқатлантиришини ташкил этиш ишларини янада такомиллаштириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена норматив талабларига мос шароитлар яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар сифатини таъминлаш, замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда тарбияланувчиларини овқатлантиришини ташкил этиш мақсадида қабул қилинаётгани қайд этилган.
 
Қарорга мувофиқ қуйидагилар:
 
  • мактабгача таълим муассасаси томонидан тарбияланувчиларни соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этиш тўғрисида низом;
 
  • мактабгача таълим муассасаларида тайёр таомларни етказиб бериш орқали соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тўғрисидаги низом;
 
  • 2019-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш юзасидан Йўл харитаси;
 
  • 2019-2021 йилларда республикада “Болалар овқатланиш комбинатлари” ташкил этиш параметр кўрсаткичлари тасдиқланиши кўзда тутилган.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда:
 
  • 2019-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни янада такомиллаштириш юзасидан ўзларининг Йўл хариталарини тасдиқлаш;
 
  • маҳаллий тадбиркорлар ва халқаро инвестиция маблағларини жалб қилган ҳолда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини овқатлантиришни ташкил этишга ихтисослашган “Болалар овқатланиш комбинатлари”ни ташкил этиш чораларини кўриш вазифалари юклатилган.
 
2019 йил 1 январдан бошлаб:
 
  • давлат мактабгача таълим муассасалари бош ошпази, ошпази ва ошхона ишчилари, озиқ-овқат омборлари мудирлари лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча тўлов жорий этилади;
 
  • овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналарида ишлатиладиган коммунал хизматлар (электр энергияси, сув, газ) харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади;
 
  • мактабгача таълим муассасаларида тайёр таомларни етказиб бериш орқали соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этилганда мактабгача таълим муассасалари ошхоналари ва улардаги барча жиҳозлар “ноль” қийматда ижарага берилиши белгиланади;
 
  • овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларида бош ошпаз, ошпаз ва ошхона ишчиларининг қисқартирилиши натижасида тежаладиган бюджет маблағлари бевосита мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
 
  • мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналари фаолияти харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя этишини аниқлаш юзасидан тасдиқланган график асосида ҳар ойда бир марта давлат, нодавлат, хусусий давлат шерикчилиги асосида фаолият юритаётган барча мактабгача таълим муассасаларида санитария назорат ишларини ўтказиш;
 
  • икки ой муддатда Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни белгиловчи санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини қайта кўриб чиқиш ва бунда тайёрланаётган таомлар технологияси, таомнинг таркибий қисмлари, вазни, тўйимлилиги, калориясидан келиб чиқиб тузилган мавсумий таомномалар асосида қайта тасдиқлаш вазифалари юклатилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “Умумий овқатланиш технологияси ва уни ташкил этиш” йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўяди.
 
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:
 
  • 2019 йилнинг 1 январидан вазирликнинг тузилмасига ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сони доирасида беш кишилик штат бирлигидан иборат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бошқармасини ташкил этади;
 
  • Республиканинг барча туман(шахар) мактабгача таълим бўлимлари штат жадвалларига соғлом овқатлантириш масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар штат бирликлари ажратади;
 
  • давлат мактабгача таълим муассасалари томонидан овқатлантириш ташкил этилганда ошпазлар ва ошпаз ёрдамчиларининг ҳар уч йилда бир марта малакасини ошириш ишларини ташкил этади;
 
  • хорижий ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича хизмат кўрсатиш ҳақида таклифлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг соғлом, рационал ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этилишини такомиллаштириш, замонавий (аутсорсинг, кейтринг, овқатлантириш комбинатлари) усулларига босқичма-босқич ўтиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради.

Теглар:МТМ Боғча 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар