Таклиф ишловчи ота-оналарга қўшимча қулайлик яратишни назарда тутади.
Таъкидланишича, бугунги кунда давлат ва айрим нодавлат мактабгача таълим муассасаларида иш вақти болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига (МТМ) қатнашида муаммоларни юзага келтирмоқда. Яъни, МТМларда иш вақтининг кечки 17:00 гача белгилангани сабаб, ота-оналар ишдан узилган ҳолда фарзандларини муассасалардан олиши ёки ноиложликдан яқин бўлмаган одамларга фарзандларини вақтинчалик ташлаб кетишга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳолат айниқса, истиқомат қиладиган ҳудудда қариндоши ёки яқин одами бўлмаган ота-оналар учун мураккаблик туғдирмоқда.
“Бугунги кунда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан МТМлар фаолиятини кенгайтириш, улар учун қўшимча имтиёзлар ва преференциялар яратиш бўйича бир қатор қарорлар қабул қилиниб, тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мазкур масалани МТМларда мавжуд кадрларнинг иш вақтларини қайта тақсимлаш йўли билан ёки навбатчи ходимларни бириктирган ҳолда ҳал этиш мақсадга мувофиқ”, дейилади петицияда.
Маълумот учун, жамоавий мурожаат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур.