Сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
Шавкат Мирзиёев ўз табригида келаси йил соҳада амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтган.
Жумладан, келгуси йилда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қарийб 1,7 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 84 миллион доллар миқдоридаги маблағини йўналтириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
“Бунинг учун Тошкент вилоятида жами 45 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа”, Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман”, Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборлари барпо этилади”, деб таъкидланган Президент табригида.
Келгуси икки йилда эса 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти барқарорлаштирилади, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
“Биз учун ўта муҳим вазифа – қишлоқ хўжалиги учун юксак билим ва малакага эга бўлган олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришимиз лозим. Бу борада хориждаги етакчи олий ўқув юртлари билан бирга қўшма факультетлар ташкил этиш, яқинда иш бошлаган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали агро соҳа мутахассисларини, ёш кадрларни ривожланган хорижий мамлакатларда ўқитишга алоҳида аҳамият беришни замоннинг ўзи талаб этмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, келгуси йили қишлоқ хўжалигида 1 миллиард 870 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланяпти.