Ўзбекистон Бош вазири Қирғизистоннинг Чўлпон Ота шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этади.
Бугун, 16 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикасига етиб борди. Бу ҳақда КирТАГ ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Уларни “Манас” аэропортида Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммадкалий Абулгазиев ва Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев кутиб олдилар.
Хабар қилинишича, бугун “Ала-Арча” давлат резиденциясида Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилади.
Кун тартибига кўра, Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Сооренбай Жээнбеков билан учрашиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Икки томонлама ҳамкорлик ва Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлисларида иштирок этади.