Форум Тошкентдаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар, Тараққиёт стратегияси маркази, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, йирик корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, иш берувчилар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, таниқли олим ва сиёсатшунослар, барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари ва аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Форум иши анжуман иштирокчиларининг Тошкентдаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Форумнинг биринчи қисмида ташкил этилган 5 та секция йиғилиши “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастури” лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Хусусан, секцияларга бўлинган форум иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналишини ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмалари олдида турган долзарб ва муҳим вазифаларни муҳокама қилдилар ҳамда бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Секция йиғилиши давомида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Жаҳон банки, ҳорижий мамлакатлардаги турдош тармоқ касаба уюшма ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кучайтириш борасида ҳам таклифлар билдирилди.