Фуқаролар томонидан Ўзбекистон Републикаси Халқ таълими вазирлигига юборилган соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва шикоятларини қисқа муддат ичида ҳал қилиш янада осонлашди.
Айрим ҳолларда мактаблардаги тартиб-интизом, таълим сифати ёки бошқа масалалар юзасидан асосан ўқувчиларнинг ота-оналари ёки ўқитувчилар томонидан турли шикоят ва таклифлар билдирилади. Одатда бундай масалалар мактаб раҳбарияти билан ўзаро ҳал этилади. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси иш бошлагандан сўнг, қабулхонага айнан таълим муассасалари масаласида мурожаат қилганлар кўп бўлди. Эндиликда бу борадаги муаммолар янада осон ҳал этишнинг имкони туғилди.
28 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Илёсович Иноятовнинг виртуал қабулхонаси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таълим борасидаги таклиф, аризаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадида ташкил этилган виртуал қабулхонага мурожаатлар “Uzedu.uz” сайти орқали қабул қилинади.
Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигинг 1006 рақамли “Ишонч телефони” ҳам мунтазам ишлаб турибди.
Виртуал қабулхонага жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган барча турдаги мурожаатлар қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва аниқ муддат ичида асосли жавоб қайтарилади.