Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак.
Юртимизга ушбу касаллик кириб келинишининг олдини олиш ва касалликка чалинмаслик профилактик чораларини кўришда нималарга кўпроқ аҳамият бериш кераклиги хусусида тиббиёт фанлари номзоди, доцент, инфекционист Ҳусан Ҳайдаров билан суҳбатлашдик.
– Ҳусан ака, безгак касаллиги ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
– Безгак жуда ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. Анофелес (безгак чивинлари) чивини орқали юқиши, қалтираш, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигар катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Безгак malariae сўзидан олинган бўлиб, mal – бадбўй, ariae – ҳид ёки ҳаво деган маънони англатади. Уни жуда кичик паразит-плазмодийлар қўзғатади. Уларни фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Вирус инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларида жойлашиб, уларни парчалайди ҳамда қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак қон-томир ва организмнинг бошқа тизимларини ишдан чиқаради. Баъзан касаллик шунчалик оғир кечадики, агар даволаш ўз вақтида бошланмаса, бемор бир неча кундан сўнг асосан тропик безгакда вафот этади. Ҳарорат кўтарилганда ёки безгакнинг бошқа белгилари намоён бўлганда, албатта тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйишда қон таҳлили шарт.
– Бизнинг мамлакатимиз тропик ҳудудлар сафига кирмайди. Айтинг-чи, безгак касаллиги қаердан бизгача етиб келади?
– Республикамизда безгак (йўқ қилиш) элиминацияси йўлидаги вазият назоратга олинган. Касалликнинг олдини олишга давлатимиз алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Касаллик келиб чиқишининг асосий қисмини Тожикистон ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилояти ташкил этади. Аҳоли миграциясининг кучайиши инфекциянинг республикамизга кириб келиш хавфини оширади. Агар фуқароларимиз орасида охирги 3 йил давомида Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари ҳамда Тожикистон ва республикамизнинг жанубий вилоятларига чиққан бўлса, у ерда безгак билан зарарланиш хавфи юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай дармонсизлик кузатилса, албатта, бармоқдан қон топширишлари лозим.
– Касаллик белгилари нималарда намоён бўлади?
– Касалликнинг дастлабки белгилари: ҳолсизлик, бош оғриғи, совуққотиш, бўғимларда оғриқ бўлиши, ўқчиш, қусиш, иштаҳа йўқолиши. Бу ҳолат одам касалликдан зарарлангандан 10-15 кун кейин бошланади, тана ҳарорати 37,5-38 даражагача кўтарилиб, 1-2 кун оралиғида безгак хуружлари кузатилиб, бундай ҳолат ўртача 48 соат давом этади ва ўзига хос специфик белгиларга эга. Тана қалтираши бошланади, кучли титроқ босади, бемор музлайди, кўрпа ичида ҳам қалтирайди, бу давр 15 дақиқадан 2-3 соатгача давом этади. Кейин тана ҳарорати 39-41 даражагача кўтарилиши билан бирга қизиб кетиш, қаттиқ бош оғриғи кузатилиб, бу давр 2-6 соат давом этади. Кейин кўп терлаш кузатилади. Хуруж қилиш кундуз кунлари, ҳар сафар бир вақтда бошланади, бу дифференциал ташхис белгиларининг биридир. Тана ҳарорати меъёрлашади ва ундан ҳам пасайиши мумкин. Бемор дармонсиз бўлса-да, енгиллик сезади. Касаллик бошланишидан 1 ҳафта ўтганидан сўнг жигар ва талоқнинг катталашиши ва камқонлик белгилари кузатилади. Безгакнинг оғир белгиларида қусиш (оғиз орқали дори-дармонларни қабул қилишнинг иложи йўқ), ҳолсизлик, нотекис нафас олиш (тезлашиши), уйқусираш ҳоллари кузатилади, бемор саволларга зўрға жавоб беради. Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак. Бу касалликни даволаш учун самарали дори-дармон воситалари мавжуд.
– Соғлом инсонга безгак касаллиги қай ҳолларда юқади?
– Безгак касаллиги соғлом инсонга бемордан, анофелес турига мансуб чивинларнинг чақиши орқали ўтади. Чивин безгакка чалинган инсонни чаққанида, унинг ошқозонига қон орқали паразитлар тушади. Чивин организмида паразитлар бир неча кун ривожланади ва юқумли паразит ташувчисига айланади. Соғлом одамни чаққанда чивиннинг сўлаги орқали инфекция одам организмига тушади ҳамда маълум бир вақт ичида инсонда касаллик белгилари пайдо бўлади. Безгак чивинларининг ҳаёт тарзи мураккаб бўлиб, сув ва ҳавода ўтади. Сув ва ҳаво ҳарорати қулай бўлса, ривожланишнинг бутун жараёни 10-20 кун давом этади. Чивиннинг урғочиси сувга тухум қўйгандан кейин ундан ғумбаклар чиқиб, қўғирчоққа айланади ва улардан қанотли чивинлар учади. Чивинлар озуқа излаб бир мартада 3 км.гача бўлган масофани босиб ўтиши мумкин. Безгак кўзғатувчиси билан зарарланган чивин икки ой давомида касаллик юқтириш хусусиятига эга бўлади.
– Безгак чивинлари асосан қаерларда урчийди?
– Дарё соҳиллари, ботқоқлашган сув ҳавзаси, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўлиб кетган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши натижасида, вақтинча вужудга келадиган сув ҳавзаларида кўпаяди.
– Уй шароитида безгак чивинларидан ҳимояланиш чоралари қандай?
– Аввал таъкидлаб ўтилганидек, безгак фақатгина безгак чивинлари мавжуд жойларда тарқалади. Бунинг учун эшик ва деразаларни ҳимоя тўрлари (дока, темир ёки полиэтилен сетка) билан қоплаш, ҳашаротлардан ҳимоя қилувчи тўр (пашшахона) ўрнатиш лозим. Бундан ташқари, махсус электрик мосламалар ёки физик қурилмалар ёрдамида чивинларни қўрқитувчи спираль ва пластиналарни қўллаш мумкин. Чивинлар сони ва улар кўпаяётган ерларни камайтириш учун кераксиз сув ҳавзалари ва ботқоқларни йўқотиш, сув ҳавзаларида чивин қуртлари билан озиқланадиган гамбузия балиқчасини кўпайтириш, хоналар ва сув ҳавзаларига инсектицидлар (заҳарли химикатлар) билан ишлов бериш лозим. Бу ишни ДСЭНМ ҳамда дезинфекция станциялари ходимлари амалга оширадилар.
– Суҳбатимиздан аён бўлмоқдаки, иқлими иссиқ мамлакатларга сайёҳат қилишдан олдин шифокорга мурожаат қилиш фойдадан холи бўлмас экан-да?
– Албатта, иссиқ иқлимга эга бўлган чет давлатларга кетишдан аввал санитария-эпидемиология назорати маркази шифокори ёки оилавий шифокор билан безгакнинг олдини олиш чоралари тўғрисида маслаҳат олишни тавсия этамиз.