Бежизга момоларимз бешикларни махсус тўрли ёпинчиқлар билан ёпиб қўйишмаган. Ёпинчиқлар болани турли ҳашаротлар ифлослантириши ва чақишидан сақлаган.
Ёз ойларида турли касалликларга чалинмаслик учун кўпроқ нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тавсиялар олиш мақсадида тиббиёт фанлари номзоди, доцент, инфекционист Ҳусан Ҳайдаров билан суҳбатлашган эдик. Қуйида ушбу суҳбатнинг тўлиқ матни билан танишиб чиқишингиз мумкин.
– Ҳусан ака, мана, ёз фаслига ҳам эсон-омон етиб келдик. Айтинг-чи, аҳоли ўртасида жазирама кунлари қандай касалликлар кўп учрайди?
– Етказганига шукр. Ёзнинг иссиқ кунларида аҳоли, айниқса, болалар орасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез-тез учраб туради. Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури, вабо ва бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради. Бу касалликларни ташқи муҳитга анча чидамли бўлган бактериялар ва вируслар қўзғатади.
– Сиз санаб ўтган касалликлар қандай келиб чиқади, уларнинг манбаи нима?
– Ўткир юқумли ичак касалликларида касаллик қўзғатувчиларининг манбаи бемор ва бактерия ташувчилар ҳисобланади. Улар қўзғатувчиларни ташқи муҳитга асосан ўзларининг ахлатлари билан чиқаради ва атроф-муҳитни шу касалликлар қўзғатувчилари билан ифлослантиради. Масалан, қулупнай, бодринг, помидор каби мева ва сабзавотлар етиштиришда инсон ва ҳайвонларнинг ахлати ўғит сифатида фойдаланилади. Ахлатдаги зарарли бактериялар забзавот ва меваларнинг (шамол орқали) устки қисмига тушиб, ўрнашиб олади. Шунинг учун ҳам мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб тозалаш тавсия этилади.
– Озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқувчи, баъзи ҳолларда беморнинг ўлимигача олиб келувчи ичбуруғ касаллиги ва унинг белгилари ҳақида гапириб берсангиз.
– Ичбуруғ касаллигининг юқиш омилларига сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Ўткир ичак касалликларининг яширин даври бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Аксарият ўткир ичак касалликлари беморда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар билан кечади. Бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаса, бу касалликлар ўзидан талайгина асоратлар қолдириши мумкин. Буларга ичаклар фаолиятининг бузилиши, ичакдаги яралардан қон кетиши, ичак деворларининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар киради ва баъзида бу асоратлар беморнинг ўлимига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
– Ўкир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда нималарга кўпроқ аҳамият бериш керак?
– Бу касалликларнинг олдини олишда шахсий гигиенанинг роли жуда катта. Ўткир юқумли ичак касалликларини “ифлос қўл касалликлари” деб бежизга айтилмаган. Овқатланишдан олдин ҳожатхонадан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, тирноқларни ўз вақтида олиш, қўлларни доимо покиза сақлаш, оилада ўз сочиғидан, тўй маъракаларда шахсий қўл рўмолчадан фойдаланиш – ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.
– Бозорларда мевани татиб кўриш, қўлбола тайёрланган салқин ичимликлар ичиш ҳам ўткир юқумли каслликларга чалинишга сабаб бўладими?
– Деҳқон бозорларида, кўчаларда сифати кафолатланмаган, қўлда тайёрланган салқин ичимликлар, шарбатлар, айрон ва бошқа ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўткир юқумли ичак касалликлари қайд этилишига сабаб бўлиши мумкин. Мутахассис сифатида бу ҳақда жуда кўп гапирамиз. Минг афсуски, баъзи юртдошларимизнинг тавсияларимизга беэтиборлиги сабабли ёз ойларида кўнгилсиз ҳодисалар учраб туради.
– Ёз фаслида болажонларимизнинг қорин бўшлиғида оғриқ, иситма ва қайт қилиш кўп кузатилади. Бу белгилар кузатилса, шифокорлар кўпинча диарея ташхисини қўйишади. Нега айнан ушбу касалликка болалар кўпроқ йўлиқади?
– Диарея – юқумли ошқозон-ичак касаллиги бўлиб, бу касаллик микроблар таъсирида юзага келади. Касаллик ичнинг қайта-қайта суюқ келиши, қорин оғриши, кўнгил айниши, қусиш, иситманинг кўтарилиши билан намоён бўлади. Ушбу касалликка асосан болаларнинг кўпроқ чалинишига келсак, кўкрак сути билан эмас, балки айрим ҳайвонлар сути ёки қуритилган сут аралашмалари билан овқатланадиган болалар кўпроқ ушбу касаллик билан оғрийдилар. Айниқса, камқонлик, рахит, йод танқислиги бор болаларда касалликка бўлган мойиллик кўпроқ кузатилади.
– Касаллик қўзғатувчи микроблар болалар организмига қандай омиллар орқали юқади?
– Биринчи навбатда, ифлосланган қўллар ва ювилмаган мева-сабзавотларни истеъмол қилиш натижасида. Яна ифлосланган ўйинчоқлар, тоза бўлмаган овқат идишлари, шиша ва сўрғичлар, сифатсиз ёки узоқ вақт туриб қолган овқатлар, қайнатилмаган сув орқали юқиши мумкин. Айниқса, иссиқ кунларда кўпаювчи пашшалар орқали ҳам юқиш ҳолатлари кўп учрайди. Чунки улар фаол бактерия ташувчилардир. Бежизга момоларимз бешикларни махсус тўрли ёпинчиқлар билан ёпиб қўйишмаган. Ёпинчиқлар болани турли ҳашаротлар ифлослантириши ва чақишидан сақлаган.
– Диарея касаллиги нимаси билан хавфли?
– Ичнинг суюқ кетиши натижасида бола кўп суюқлик йўқотади ва бу билан кўплаб озиқ моддалар чиқиб кетади. Бола организмида сувсизланиш ва озиқ моддаларнинг етишмовчилиги натижасида, тана аъзолари фаолиятининг кескин бузилиши унинг ҳаётини хавф остига қўяди.
– Хулоса ўрнида...
– Юқорида айтиб ўтган барча касалликларнинг сабабчиси тозаликка риоя қилмасликдир. Ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда ташқи муҳитни, хусусан, очиқ сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш, сифатли сув ва озиқ-овқат махсулотларини исътемол қилиш – ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш гаровидир, зеро, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш минг бор афзал!