Ахлатдаги зарарли бактериялар забзавот ва меваларнинг (шамол орқали) устки қисмига тушиб, ўрнашиб олади.
– Ҳусан ака, мана, ёз фаслига ҳам эсон-омон етиб келдик. Айтинг-чи, аҳоли ўртасида жазирама кунлари қандай касалликлар кўп учрайди?
– Етказганига шукр. Ёзнинг иссиқ кунларида аҳоли, айниқса, болалар орасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез-тез учраб туради. Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури, вабо ва бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради. Бу касалликларни ташқи муҳитга анча чидамли бўлган бактериялар ва вируслар қўзғатади.
– Сиз санаб ўтган касалликлар қандай келиб чиқади, уларнинг манбаи нима?
– Ўткир юқумли ичак касалликларида касаллик қўзғатувчиларининг манбаи бемор ва бактерия ташувчилар ҳисобланади. Улар қўзғатувчиларни ташқи муҳитга асосан ўзларининг ахлатлари билан чиқаради ва атроф-муҳитни шу касалликлар қўзғатувчилари билан ифлослантиради. Масалан, қулупнай, бодринг, помидор каби мева ва сабзавотлар етиштиришда инсон ва ҳайвонларнинг ахлати ўғит сифатида фойдаланилади. Ахлатдаги зарарли бактериялар забзавот ва меваларнинг (шамол орқали) устки қисмига тушиб, ўрнашиб олади. Шунинг учун ҳам мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб тозалаш тавсия этилади.
– Озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқувчи, баъзи ҳолларда беморнинг ўлимигача олиб келувчи ичбуруғ касаллиги ва унинг белгилари ҳақида гапириб берсангиз.
– Ичбуруғ касаллигининг юқиш омилларига сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Ўткир ичак касалликларининг яширин даври бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Аксарият ўткир ичак касалликлари беморда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар билан кечади. Бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаса, бу касалликлар ўзидан талайгина асоратлар қолдириши мумкин. Буларга ичаклар фаолиятининг бузилиши, ичакдаги яралардан қон кетиши, ичак деворларининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар киради ва баъзида бу асоратлар беморнинг ўлимига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Мутахассис, шунингдек, мева ва салқин ичимликлар орқали юқадиган юқумли касалликлар, ёш болалардаги ошқозон-ичак хасталиклари, уларни келтириб чиқарадиган ҳашаротлар ва бошқалар ҳақида ҳам керакли тавсия-маслаҳатлар берган.
Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, инфекционист Ҳусан Ҳайдаров билан суҳбатнинг тўлиқ қисмини тез орада сайтимиз орқали ўқийсиз.