Бельгия Қироллиги Бош вазири Шарль Мишель ҳам Ўзбекистон раҳбариятини муборакбод этди.
Мамлакатлар ўртасида ўрнатилган дипломатик муносабатларнинг 25 йиллиги муносабати билан, Бельгия Қироли Филипп Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади.
“2017 йилда Бельгия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонлаётганимиз менга катта мамнуният бағишлайди. Ўтган йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда, икки томонлама муносабатларимизнинг муҳим асоси бўлган дўстона алоқалар ва ўзаро англашув изчил мустаҳкамланмоқда”, дейилади Қирол мактубида.
Бельгия Қироллигининг Бош вазири Шарль Мишель ҳам Ўзбекистон раҳбариятини муборакбод этди:
“Ўзбекистон мустақилликка эришган кунданоқ ўз суверенитетини мустаҳкамлади ҳамда минтақанинг муҳим сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга давлатига айланди. Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, аммо уни янада диверсификация қилиш борасида катта салоҳият мавжуд”.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам табрик йўллаб, ўтган даврда икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган эзгу ва амалий муносабатлар ўрнатилганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига, ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ишонч тамойиллари асосида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.