Футзалчилар мураббийи Баҳодир Аҳмедов ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Ўйиннинг асосий вақти 4:4 ҳисобида якун топди. Пенальтилар сериясида Акмал Ҳазратқуловнинг иккита сейви Ўзбекистон термасига бронза медалларини тақдим қилди.
Учрашувдан кейин терма жамоа бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ироқ терма жамоасига бугунги ўйин учун раҳмат айтаман. Улар кучли ўйнади ва бизга етарлича муаммолар туғдирди. Ҳаяжонли ва ҳиссиётларга бой беллашув бўлди.
Жамоанинг майдонда кўрсатган ўйинидан хурсандман, бронза медали соҳиби бўлганимиздан фахрланамиз.
Мазкур турнирдан кейин футзалчиларга кичик танаффус берамиз. Кейин эса 2020 йилги Осиё чемпионатига тайёргарликни бошлаймиз.
Ўқув-машғулотларда ёш футзалчиларни кўриб чиқиб, муносибларини термага таклиф қиламиз.
Мақсадимиз – кейинги Осиё чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этиш. Бугунги ўйинда бизларни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат айтмоқчиман”, – деди Баҳодир Аҳмедов.