Бу йўл билан сиз муаммони бартараф этиш баробарида уни ўз фойдангизга ҳам ҳал қилишингиз мумкин.
“Энг аввало, “Ўзавтосаноат” АЖ автомобиль саноатида компания номи ва янги йўналишини, шунингдек виждонан фаолият юритаётган фидоий ходимларининг шаънига доғ тушираётган айрим ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларини қоралайди.
Ана шундай “уддабурон” кишиларнинг коррупция тизимларини фош қилиш ва тугатишни бошиданоқ уддасидан чиқяпмиз. Ушбу йўналишда компания Ўзбекистон Бош прокуратураси билан ҳамкорлик қилишини, шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларидан бизни вақтида огоҳ қилувчи фаол ва виждонли фуқароларга миннатдорчилик билдиради.
Эслатиб ўтамиз, турли важлар билан GM автомобилларини харид қилиш чоғида қўшимча пул маблағларини талаб қилиш ҳолатлари юзага келганда, зудлик билан (+99871) 141-77-77 рақамлари орқали компаниянинг янги Call Center марказига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Бу билан сиз муаммони бартараф этиш баробарида уни ўз фойдангизга ҳам ҳал қилишингиз мумкин.
Шунингдек бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали автомобилларини етказиш муддати кечикаётгани ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатаётган сохта аккаунтлар ҳам кўпая бошлаганини маълум қиламиз.
Компания сайтида кунлик равишда янгиланаётган расмий рўйхатга асосан, ана шундай одамларнинг постида бўртирилиб кўрсатилаётган автомобиль етказилишининг аниқ муддатларини аниқлаш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда шу каби постларга дуч келган тақдирингизда ушбу маълумотларга ишонмаслигингизни ва фақатгина компаниянинг расмий манбаларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Компания томонидан ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган сохта хабарлар синчковлик билан ўрганилмоқда. Компания обрўсига путур етказадиган бўхтон тарқатиш билан шуғулланадиган интернет-фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумот, тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига етказилади.
Шунингдек дилерлик марказларининг қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаган ва уни текширилган фактлар билан тасдиқлаган фуқаролар компания томонидан махсус бонуслар билан тақдирдланади”, дейилади “Ўзавтосаноат” хабарида.