Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди.
Аввал хабар қилганимиздек, ташрифнинг асосий тадбирлари 5 декабрь куни бўлиб ўтди.
Муҳаммад Ашраф Ғани Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий-маърифий ёдгорликларни зиёрат қилди. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари билан танишди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
ЎзАнинг хабарига кўра, музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти, шунингдек, мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди.