...
МЕНЮ
ONLINE TV

Трампнинг фикри Туркия ва Фаластин норозилигига сабаб бўлди


10:02, 06.12.2017 Олам
 2 424

Америка сиёсатчилари ҳам Трампнинг бу қарори, кўплаб зўравонликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда.

Сўнгги вақтларда Оммавий ахборот воситаларида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддус шаҳрини расман  Исроилнинг пойтахти, деб тан олиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлар кенг тарқалмоқда.
 
Дунёнинг етакчи сиёсатчилари бу ҳолатга турлича фикрлар билдиришмоқда. Жумладан, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қуддус шаҳрини Исроил давлатининг пойтахти деб тан олинса, мусулмонлар учун “қизил чизиқ”дан ўтиш ҳисобланишини билдирган.
 
Туркия парламентида чиқиш қилган Эрдўған, Доналд Трамп Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти деб, расман тан олса, бунга жавобан Туркия Исроил давлати билан дипломатик муносабатларни узишини эълон қилган.
 
Шунингдек, Эрдўған Қуддус шаҳрининг Исроил пойтахти деб эълон қилинишига қарши чиқиш учун, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг олий даражадаги учрашувини чақиришини айтган.
 
Америка расмийлари шу ҳафтанинг бошида Трамп АҚШнинг элчихонасини Қуддусга кўчириш тўғрисида сайловолди кампаниясида берган ваъдасини бажармагани учун, Қуддусни Исроилнниг пойтахти, деб тан олиши мумкинлиги тўғрисида гапиргандилар.
 
Кейинчалик Трампнинг Яқин Шарқ давлатларидаги сафарига ҳамроҳлик қилган, куёви Жаред Кушнер АҚШ Президентининг бу масалада бир тўхтамга келмаганини таъкидлаган. Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Мажид Холди ҳам, агар Трамп Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти, деб тан олса, Фаластин раҳбарияти АҚШ билан барча дипломатик “алоқаларини узишини” айтган.
 
Шу билан бирга, АҚШ бу ҳаракатларини давом эттирса, Яқин Шарқдаги воситачи сифатидаги ўз нуфузини йўқотади, деган. Чунки, фаластинликлар Қуддусни ўзларининг бўлажак давлати пойтахти сифатида кўради, бутун дунё жамоатчилиги ҳам бу масаланинг тинчлик йўли билан ҳал этилишини ёқламоқда.
 
Кўплаб халқаро, жумладан, Америка сиёсатчилари ҳам Трампнинг бу қарори, кўплаб зўравонликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда. Душанба куни АҚШ Оқ уй маъмурияти Трампнинг сайловолди кампаниясида берган ваъдасини бажариш, яъни АҚШ элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддусга кўчириш борасида ҳеч бир тадбирни амалга оширмаслиги тўғрисида баёнот берди.  
Обил Сафаров

Теглар:АҚШ Трамп Эрдўған Фаластин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!