...
МЕНЮ
ONLINE TV

Аргентина гуруҳдан чиқадими?


10:44, 22.06.2018 Спорт
 3 351

Хорхе Сампаоли шогирдлари 2 та турдан сўнг 1 очко билан гуруҳда 3-ўринни эгаллаб туришибди.

Аргентина терма жамоаси ЖЧ-2018 гуруҳ босқичининг 2-тури доирасида Хорватияга йирик ҳисобда ютқазиб қўйганидан кейин плей-оффга чиқиш имкониятини пасайтириб юборди. Бу ҳақда “Stadion.uz” нашри таҳлилий мақола тайёрлади.
 
Унга кўра, аргентиналиклар 2 та турдан сўнг 1 очко билан гуруҳда 3-ўринни эгаллаб туришибди. Хорватия эса нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритиб бўлди. Қолган битта йўлланма учун 3 та терма жамоа даъвогарлик қилмоқда.
 
Месси жамоадошларининг тақдири эртага бўлиб ўтадиган Нигерия - Исландия ўйинига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Вариантларни кўриб чиқамиз.
 
1) Исландия Нигерияни мағлуб этса:
 
Бу ҳолда исландияликларнинг очкоси 4 тага етади ва Аргентинанинг имконияти кескин пасайиб кетади. Сампаоли шогирдлари сўнгги турда Нигерияни мағлуб этишдан ташқари, параллел кечадиган ўйинда Исландиянинг Хорватияга ютқазишини кутишга мажбур. Ушбу натижалар қайд этилса, Аргентина ва Исландиянинг очколари тенглашади. Бундай ҳолатда тўплар нисбатига қаралади. Шу боис, жанубий америкаликлар сўнгги турда йирик ҳисобда ғалаба қозонишлари талаб этилади. Тўплар нисбати бир хил бўлиб қолса, фейр-плей қоидаси орқали плей-оффга чиқадиган жамоа номи аниқланади. Аргентинада эса сариқ карточкалар етарли.
 
2) Нигерия Исландияни мағлуб этса:
 
Мана шу вариант Аргентина учун қулайроқ. Боиси, Месси жамоадошлари сўнгги турда Нигерияни мағлуб этиб, 2-ўринни эгаллашлари мумкин. Албатта, Исландия ҳам 3-турда Хорватияни мағлубиятга учратиб, ўз очколарини 4 тага етказиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳам юқоридаги тўплар фарқи ва фейр-плей қоидасига ишга тушади.
 
3) Нигерия Исландия билан дуранг ўйнаса:
 
Бундай ҳолатда исландларнинг очкоси 2 тага етади. Аргентина сўнгги турда Нигерияни мағлуб этиши ва Исландиянинг Хорватияга қарши ўйинда очко йўқотишини кутишга мажбур.
 
Ҳар учала вариантда ҳам кўп нарса хорватларга боғлиқ бўлиб қолади. Сўнгги турда Модрич ва Ракитич жамоадошлари Исландияни мағлуб этиб беришса (иложи бўлса йирик ҳисобда), Аргентинада кейинги босқичга чиқиш имконияти ошади. Шунда ҳам Сампаоли шогирдлари 3-турда Нигерияни мағлуб этишлари шарт эканини унутмаслик лозим.
 
Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси Хорватия билан ўйинда йирик ҳисобда имкониятни бой берди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Аргентина ЖЧ-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!