Гулнора Каримова Ўзбекистонда бозорни монополиялаштириш, давлат мулкини ўзлаштириш ва тадбиркорларнниг бизнесини тортиб олишда айбланган.
Бундай санкция турли мамлакатларнинг 13 фуқаросига нисбатан эълон қилинди. Шунингдек, мазкур рўйхатдаги шахсларга алоқадор 39 та ташкилот ҳам санкция остида қолди.
Муҳим жиҳати шундаки, санкция қўлланиладиган кишилар орасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – Гулнора Каримова ҳам бор.
Гулнора Каримова Ўзбекистонда бозорни монополиялаштириш ва давлат мулкини ўзлаштириш ҳамда тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олишда айбланган.
Хабарда айтилишича, Гулнора Каримова коррупция орқали орттирган даромадини бошқалар номига очилган фирмаларнинг турли филиаллари ва жамғармалар иштироки орқали ювган, шунингдек, ўзининг янада бойиши учун, катта даромадли корхоналарга кўз тикиши натижасида айрим, ўзбекистонлик рақобатчилар барбод қилинган.
Ҳужжатга кўра, санкция эълон қилинган кишиларнинг Америкадаги барча юрисдикция активлари музлатилади, мамлакатнинг жисмоний ҳамда юридик шахслари улар билан исталган йўналишда турлича келишувлар амалга ошириши тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.