Андижон вилоятида кичик саноат зонаси сони яна биттага кўпайди.
Қарор билан Андижон вилоятида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари негизида қўшимча равишда кичик саноат зоналари ташкил этилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ кичик саноат зоналари ҳудудидаги давлат мулки тадбиркорларга 10 йил муддатга ижарага берилади. Бизнес-режалар бажарилган, иш ўринлари ташкил этилган ва сақлаб қолинган, барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тўланган тақдирда уларга мулк ҳуқуқи берилади.
Ижарага олинган майдонга ижара тўлови ошиб борадиган коэффициентларни қўлламасдан минимал ставкаларда белгиланади.
Шунингдек қарорга кўра кичик саноат зоналари ҳудудида умумий қиймати 300 млрд сўм бўлган, импортнинг ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.