Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилигига асосан бугунги кунда 13 турдаги маҳсулотлар аллергенлар мавжудлиги бўйича маркировка қилинади.
Озиқ-овқат аллергияси безовта қиладиган беморлар тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муайян аллерген маҳсулотларни уларнинг кунлик таомномаларидан чиқариб ташлаш зарур. Қайси маҳсулотни сотиб олиш мумкин-у, қай бирини харид қилмаган маъқул деган масала эса қадоқлардаги махсус маълумотларнинг тақдим этилиши билан ҳал этилади.
Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилигига асосан бугунги кунда 13 турдаги маҳсулотлар аллергенлар мавжудлиги бўйича маркировка қилинади.
Булар:
сут;
тухум;
ерёнғоқ;
ёнғоқ;
соя;
кунжут;
буғдой;
хантал;
балиқ;
қисқичбақа;
сельдерей;
люпин;
гречиха.
Америка Қўшма Штатлари, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатларда ҳам маркировка бўйича қонунчилик мавжуд. Японияда фақатгина буғдой, гречиха, тухум, ерёнғоқ ва қисқичбақа маркировка қилиниши шарт, аммо 19 та маҳсулот тури “маркировка қилиниши тавсия қилинади” деб кўрсатилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги дастурига кўра, аллергия профилларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг қайси маҳсулотларига аллергияси кўплиги молекуляр даражада аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. Ундан сўнг турли хил ёнғоқлар, соя, кунжут, киви ва шафтоли аллергия чиқарувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.
Истеъмолчи ҳамиша ҳам нон ва нон маҳсулотларида, ёрмаларда, глазурь, кремлар, соуслар, газаклар ва қуритилган мевалар аралашмасида ерёнғоқ борлигидан хабари бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларига маркировкани жорий қилиш орқали истеъмолчиларнинг саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш янада такомиллашади.
Шунингдек, кафе, ресторан ва бошқа жамоат овқатланиш жойларининг таомномаларига таомларда аллергенлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш бўйича тавсиялар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.