Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори Саид Шермуҳамедов 2016 йил 16 февраль куни 86 ёшида вафот этди.
Саид Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилди. 1948-1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олди. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирди. Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолиятини биргаликда олиб борган таниқли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий ходими, илмий котиби, директор ўринбосари, республика маориф вазири, Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилди ва юртимизда фалсафа фанига доир масалаларни илмий тадқиқ этиш, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишида фаоллик кўрсатди.
С.Шермуҳамедовнинг фалсафа фанининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган монографиялари, кўплаб рисола ва мақолалари илмий жамоатчиликка яхши маълум.
Талабчан ва жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Саид Шермуҳамедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
И.Каримов, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
Ш.Мирзиёев, Ш.Солиҳов, Ш.Сирожиддинов