Марказда Афғонистон ҳукумати томонининг буюртмаларига асосан гуманитар, педагогика ва муҳандис-техник таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Кеча, 21 январь куни Термиз халқаро аеропортида Афғонистондан келган ёшлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар иштирокида тантанали кутиб олинди. Афғонистонлик ёшлар ташрифининг биринчи кунида Термизнинг маъданий-маънавий ҳаёти, айниқса, бой тарихий обидалари ва диққатга сазавор жойлари билан танишган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сурхондарёнинг Термиз туманида фаолиятини бошлаган Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказида афғон ёшлари олий, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълимлари бўйича таёрланиши ҳамда малака оширишлари кўзда тутилган. Шунингдек, Марказда Афғонистон ҳукумати томонининг буюртмаларига асосан гуманитар, педагогика ва муҳандис-техник таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Афғон ёшларининг қўшни давлат Ўзбекистонда таълим олишлари, аввало, Афғонистонда таълим олишга талабнинг кўплиги билан баҳоланади. Афғонистонда фаолият олиб бораётган таълим муассасаларининг кўпчилиги фуқаролар урушидан олдин барпо этилган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатдаги сиёсий вазият туфайли янги таълим муассасаларининг барпо этилиш имкони жуда паст. Таълимга бўлган талаб эса кундан-кун ошмоқда. Шу боис Афғонистон ҳукумати мурожаати билан ушбу марказ фаолияти йўлга қўйилган. Афғон ёшлари эса Ўзбекистон ҳудудида эркин ва ҳотиржам таълим олиш имконига эга бўлмоқда.