...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулла Ориповнинг қизи отаси ҳақида тайёрланган кўрсатувдан ғазабланганини айтди


14:01, 25.01.2017 Жамият
 14 299

Шоирнинг қизи отаси ҳақида тайёрланган хужжатли фильм палапартиш тарзда тайёрлангани ҳақидаги фикрни билдирди.

23-24 январь кунлари “Маданият ва маърифат” телеканалида “Унутилмас сиймолар” рукни остида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг хотирасига бағишланган икки қисмдан иборат бўлган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
 
Биринчи қисм 23 январь, соат 21:50 да, иккинчи қисм эса 24 январь куни соат  21:30 да эфирга узатилди. Ушбу фильмни шоирнинг мухлисларидан ҳам аввал, унинг оила аъзолари интиқлик билан кутганликлари, табиий.
 
Бугун, 25 январь куни шоирнинг қизи Юлдуз Орипова ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали отаси ҳақидаги ҳужжатли фильмни кўриб, жуда хафа бўлганини, фильм профессионал даражада тайёрланмаганини ёзди.
 
“Ассалому алайкум, отажонимнинг мухлислари. Агар кўрган бўлсангиз, икки кун давомида “Маданият ва маърифат” телеканалида отамга бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шахсан мен, бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу фильмда отажонимни бутун умр қийналиб, тушкунликда яшаб ўтган инсон, шоир сифатида кўрсатишган.
 
Бўлмаган гап! Отажоним жуда чиройли, мазмунли ҳаёт кечирдилар, ҳар доим ҳурмат-эҳтиромда бўлдилар. Тушкунлик пайтида ёзган шеърларидан фойдаланиб, шундай фильм қилиш шартмиди?!
 
Тўғри, ижодкорларнинг меҳнати ҳам бор бу ерда, лекин бошқача ёндошиш керак эди бу кўрсатувга.
 
Отажоним яшашни жуда хоҳлаганлар, ҳаётни севганлар, доимо фарзандлари, набиралари, дўсту биродарлари, меҳри ва қуршовида яшадилар. Афсус, бевақт ўлим отагинамни юрагимиздан суғуриб олиб кетди... Жойларингиз жаннатдан бўлсин, отажон...”, деб ёзади Юлдуз Орипова.
 
Айтиш ўринлики, Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова ҳам журналист. Шу сабабли у айни кўрсатувга ҳам фарзанд, ҳам мухлис, ҳам журналист сифатида фикр билдирган.
 
Орипованинг ёзганлари чоп этилгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксариятида ҳам ҳужжатли фильм борасида қатор салбий фикрлар пайдо бўлди.
 
Шу билан бирга, уларнинг аксарияти ҳужжатли фильмни эфирга узатишдан аввал, марҳумнинг оила аъзоларига кўрсатиш ва уларнинг ҳам фикрларини инобатга олиш лозимлиги ҳақида ёзишди.
 
Фойдаланувчилардан бирининг “Улар ҳужжатли фильмни тайёрлашдан аввал, оила аъзоларининг ҳам фикрини билишлари керак эмасми? Ахир ҳар бир инсон ўз оиласида бўлаётган кечинмаларни ҳаммадан яхши биладику. Домланинг қилган меҳнатлари маълум. Уларнинг ҳаёт йўллари каби умр кечириш ҳаммамизга ҳам насиб қилсин”, деб қолдирган саволли изоҳига Юлдуз Орипова қуйидагича жавоб берди.
 
“Фильм ижодкорлари ҳужжатли фильм съёмкасини отамнинг вафот этганларига ҳали кўп вақт ўтмасдан туриб килишганди.
 
Уйдаги кадрларни, онамнинг тушкун аҳволдаги ҳолатларини, икки соат ичида олишган. Қолган кадрларни архивдан топишган. Яна уч-тўртта адабиётшуносдан интервью олишган. Наҳотки, шунча маълумотдан фойдаланиб , чиройли, самимий кўрсатув қилишга ақли етмаса буларнинг. Афсус, съёмка пайти уйда эмасдим. Мен, албатта,  шу фильмни ишлаган ижодкорларга ўз фикримни,  норози бўлганимни,  келажакда буюк шахслар тўғрисида кўрсатув қиладиган бўлсалар, жиддий равишда, ўта профессионализм билан ёндошиш кераклигини айтаман”.
 
Юлдуз Ориповага кўра, дастур ижодкорлари кўрсатувни эфирга узатилшдан аввал, Абдулла Ориповнинг оила аъзоларига унинг хомаки нусхасини кўрсатишмаган, маслаҳат олишмаган. Орипова бу ҳақда гапирар экан, кўрсатув ижодкорларини ўз ишига ва касбига, қолаверса, Абдулла Ориповнинг оиласига беҳурматликда айблаган
 
“Кўрсатувда техник хатолар ҳам жуда кўп, професионализм етишмаган. Тўғри, меҳнат қилишган, бироқ бундай кўрсатувни тайёрлашдан олдин, айниқса, отам тўғрисида, жуда синчиклаб, чуқур фалсафа билан ишлаш керак эди” деб ёзади Орипова.
 
Хужжатли фильм борасидаги мунозарани ўқиб, биз журналист Юлдуз Орипованинг ўзи билан боғландик. Телефонда кечган суҳбат орқали ижтимоий тармоққа ёзишига Абдулла Ориповнинг кўплаб бошқа мухлисларининг фикрлари туртки бўлганини айтиб ўтди.
 
“Ўз фикримни Facebook’даги саҳифам орқали ёзмасимдан аввал, отамнинг шогирдлари, мухлисларидан кўплаб қўнғироқлар бўлди. Чет элда яшовчи ҳамюртларимиздан ҳам тинимсиз қўнғироқлар бўлаяпти. Улар дўстлари, танишларидан отажоним ҳақида ҳужжатли фильм олинганини эшитиб, фильмни Youtube’га қўйишни илтимос қилишмоқда. Биз билан боғланганларнинг аксарияти отажоним ҳақида тайёрланган кўрсатувдан норози бўлишди. Ҳужжатли фильмда “Абдулла Орипов охирги пайтларда ёлғиз қолиб кетган, бутун умр қийналиб яшаган”, қабилидаги сўзлар айтилган. Ахир бу абсурд!
 
Тўғри, отам шеърларида ўз ички кечинмаларини ифода этганлар,  лекин бунга фалсафий нуқтаи назардан қараш керак эди.
 
Кўпинча отажоним шундай бир оғир, фалсафий шеърлар ёзганларида,  мен хафа бўлардим. Бироқ мен уларни шоир сифатида тушунардим.
 
Шундай дамларда, отажонимга “ахир бу поэзия” десам,  “албатта” деб,  кулиб қўярдилар.
 
Отам ҳар доим ҳақиқий шогирдлари,  мухлислари қуршовида бўлганлар,  охиригача...
 
Улар орасида отамнинг дилини оғритган, ўзи учун, номигагина шогирдиман деган кимсалар ҳам бўлган,  аммо уларнинг биз учун аҳамияти йўқ эди. Чунки отажоним ўзбек адабиётининг шоирлик борасидаги ҳақиқий гигантларидан бири эди, буни тан олмасдан илож йўқ.
 
Мен учун эса улар,  дунёдаги энг меҳрибон ота эдилар..
 
Биласизми, юртимизда кўплаб маҳоратли режиссёрлар,  адабиётшунослар,  ҳақиқий буюк инсонлар бор. Ҳужжатли фильмни яратишдан аввал, улардан маслаҳат олишлари керак эди, назаримда. Ахир бу оилавий тарзда кўриш учун ишланган фильм эмас, уни бутун Ўзбекистон ахли кўради-ку...
 
Наҳотки, ундаги ҳар бир детал, ҳар бир кадр катта аҳамиятга эга эканини тушуна олишмаган... Шунга бироз таъсирландим, бундан кейин, айниқса, телевидениеда шундай камчиликларни бартараф этиш керак, деб уйлайман”, дейди Юлдуз Орипова.
 
Эслатиб ўтамиз, Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрида АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги шифохонада вафот этган. У 10 ноябрь куни Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди. 
Умида Якубова

Теглар:Абдулла Орипов Ҳужжатли фильм Юлдуз Орипова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар