АҚШ дилерлик компанияларининг ҳар бири обрўсизлантирилгани учун 1,85 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни олади.
Ушбу келишув Volkswagen маҳсулотларининг савдоси билан шуғулланадиган американинг 652 та дилерлик компанияларига 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тўлаб бериши юклатилганидан сўнг, амалга оширилди.
Гап шундаки, бир муддат аввал, Volkswagen компанияси ишлаб чиқарган дизелли двигатель ёрдамида ишлайдиган автомобиллардан таркибида зарарли моддалар бўлган газлар ажраб чиқаётгани аниқланиб, айни ҳолат катта жанжалга сабаб бўлганди. Бу эса дилерларнинг харидорлар олдида обрўсизланишига, дизелли автомобилларга бўлган қизиқишнинг камайишига, ўртада эса низо келиб чиқишига сабаб бўлди.
Шу тариқа автомобиллар савдосини амалга оширган ва обрўсига путур етган ҳар бир дилерлик компанияси Volkswagen’дан 1,85 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни оладиган бўлди.
Ушбу тўлов автоконцерн томонидан 18 ой ичида тўлаб берилиши лозим.
Федерал суд вакиллари, хусусан, судья Чарльз Брейер эълон қилинган ҳукмни “адолатли, ақлли ва адекват” деб баҳоламоқдалар.
Маълумотларга кўра, Volkswagen дизель машиналари билан боғлиқ бу муаммони бартараф қилиш учун умумий ҳисобда 22 миллиард АҚШ долларини тўлаб беришга рози бўлди.
Бу маблағ таркибига АҚШ дилерлик компаниялари томонидан сотилган машиналарни қайта таъмирлаб бериш ёки уларни қайтиб сотиб олиш, шунингдек, ушбу олди-сотди масалаларини ҳал қиладиган шахслар, АҚШ штатларининг вакиллари, юристларга кетадиган пуллар ҳам киради.