2012 йилда лавозимидан озод этилган Абдулла Арипов 2016 йилнинг сентябрида яна Бош вазир ўринбосари лавозимига тикланган эди.
Йиғилишда мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки асосий қонунимизга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Муҳокамалар давомида таъкидланганидек бугун ўз ваколатларини амалга оширишга киришган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастурларида илгари сурилган, мамлакатимиз ҳаётига бевосита даҳлдор масалаларни ҳаётга тадбиқ қилиш кўп жиҳатдан хукуматга раҳбар бўладиган инсондан ҳам катта салоҳият ва ташкилотчиликни талаб этади. Сабаби, ушбу дастурда қўйилган масалалар нафақат иқтисодиёт, ёки ижтимоий соҳалар, балки кўплаб бошқа соҳаларда ҳам аниқ белгиланган режаларни амалга оширишни талаб қилади.
Мажлис иштирокчилари бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Маълумот ўрнида, 1961 йилда туғилган Абдулла Арипов 2002 йилнинг май ойидан 2012 йилнинг август ойига қадар, 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2012 йилда лавозимидан озод этилган Абдулла Арипов 2016 йилнинг сентябрида яна Бош вазир ўринбосари лавозимига тикланди.