Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Сушма Сваражни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган халқаро конференцияга таклиф этди.
Учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон музокараларининг кун тартибидаги долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Абдулазиз Комилов Сушма Сваражни жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафелиги остида ўтказиладиган “Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф этди.
Маълумот учун, жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди. Ушбу учрашув икки томон муносабатларининг муҳим босқичи бўлди.