
Тошкентда ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция якунланди.
Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига кўплаб давлатлардан, Халқаро ташкилотлардан вакиллар келиб, афғон муаммоси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирибгина қолмай, Афғонистонда тинч ҳаёт тикланиши ва унинг барқарор ривожланиши учун барча зарур ёрдам кўрсатилишига тайёр эканликларини маълум қилди.
“Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида ўтказилган халқаро конференция доирасида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент конференцияси якунлари ҳақида нутқ сўзлаб, анжуманнинг ютуқлари ва бошқа шу турдаги жараёнлардан фарқи ҳақида тўхталиб ўтди.
“Афғон муаммоси энг жиддий масалалардан бири. Улар замирида геосиёсий манфаатлар мавжуд. Бу жараённинг энг кескинлашган нуқтасида ҳал этилмаса, у давом этаверади. Қарийб 40 йилдан буён Афғонистонда уруш кетмоқда. На ютган маълум, на ютқазган. Уруш жабрини эса оддий халқ чекмоқда”, дейди Комилов.
Дарҳақиқат, 1979 йил Собиқ Иттифоқнинг Афғонистонга ўз қўшинларини киритганидан бери бу ерларга тинчлик қайтмади. Ҳукумат назоратидан четда қолаётган ҳудудлар мамлакатнинг умумий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аҳоли нотинчлик, террорчилик гуруҳларининг қўпорувчилик ҳаракатларидан азият чекмоқда. Мамлакатда неча йиллардан буён гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ савдосига чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти. Энг эътиборлиси, мамлакатдаги бугунги аҳвол фақат Афғонистоннинг ўзигагина эмас, балки минтақага, дунёнинг кўплаб мамлакатларига хавф туғдирмоқда.
Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг мақсади ва бу мақсадга қанчалик эришилганига тўхталди:
“Буларнинг барчаси, энг аввало, марказий ҳукумат ва мухолиф гуруҳларни, хусусан, “Толибон” ҳаракатини ҳеч қандай дастлабки шартларсиз сиёсий музокаралар столига ўтқазишга қаратилган. Тўғри тарафларнинг шартлари, саволлри бўлиши табиий ҳолдир.
Афғонистон Президенти Ашраф Ғани томонлардаги мавжуд саволлар музокаралар бошланганда, унинг кун тартибидаги асосий мавзу бўлишини ва шак-шубҳасиз муҳокама қилинишини таъкидлади.
Биз ва бошқа сиёсий кучлар яхши биламизки, музокараларни қачон, қаерда, қай ҳолда ўтказиш афғон халқининг ихтиёрида. Эндиликда афғон халқи бирлашиши лозим. Шу ўринда, ташқи кучларнинг таъсирини ҳам унутмаслик лозим. Ташқи ўйинчилар музокаралар ўтказиш учун керак шароитни яратиб беришлари жуда муҳим. Бунинг учун аввало Афғонистон ички ишларга аралашмаслик ва у ёки бу тарафни қўллаб-қувватламаслик керак бўлади. Бу тинчлик ва барқарорлик йўлидаги энг муҳим шартдир.
Бизнинг Афғонистон билан муносабатларимизга келсак, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Афғонистон билан боғлиқ лойиҳалари, амалиётга тадбиқ қилинаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Президентимиз Афғонистон муаммосига бир давлат муаммоси сифатида қарамаслик кераклигини, уни минтақадан ажратиб қўйиш орқали ўз хавфсизлигимизни таъминлай олмаслигимизни таъкидлади ва у билан алоқаларда масофани сақлаш хато йўл эканини айтиб ўтди”.
Жорий йилдан бошлаб Афғонистонлик йигит-қизлар Ўзбекистонда – Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқиш имконига эга бўлдилар. Ушбу конференцияда афғонистонлик талабалар ҳам иштирок этди. Абдулазиз Комилов ҳам ўз нутқида ушбу масалага тўхталиб ўтди:
“Эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратишни хоҳлайман. Бу инсонпарварлик ва маданий соҳа.
Ўзбекистон таълим ва маданият соҳасида Афғонистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ердаги таълимни ривожлантиришда Ўзбекистон ёрдам бера бошлаган. Биз таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтирамиз. Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро даражада бу масалани кўтариб алоҳида фонд ташкил қилиш таклифини билдирди.
Бугунги форум Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатлари эвазига ташкиллаштирилди деб ҳисоблаб, уни Президентимизнинг “Уруш ва тинчлик” стратегик ҳаракатларидаги катта ютуғи деб қараймиз. “Минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш” стратегиясининг бир бўлаги дейиш мумкин.
Мен конференциянинг умумий ютуқлари ҳақида гапириб ўтдим. Шуни ҳам айтиш керакки, бу анжуманнинг бошқаларидан фарқи унинг иштирокчилари муаммо ўз чўққисига чиққанлигини ва ҳаракат қилиш зарурлигини яхши тушундилар”.