Комилов Ҳикмат Ҳалил Карзай бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Вазир кеча, 18 январь куни Нью-Йорк шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳикмат Ҳалил Карзай бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 4-6 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги учрашуви ва музокаралари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинган.
Суҳбат чоғида вазирлар даражасида “Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модели сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш” мавзусидаги очиқ мунозараларнинг кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашув давомида минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг баъзи муаммолари, замонавий хавф ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлиги масалалари кўриб чиқилди.