...
МЕНЮ
ONLINE TV

40 йилда 4 млрд йўловчини ташиган транспорт юбилейи нишонланди


08:18, 23.11.2017 Жамият
 2 071

Тошкент метрополитени қуриб фойдаланишга топширилганига 40 йил тўлди.

Бундан 40 йил аввал кўҳна Тошкент ривожланган замонавий шаҳарлар қаторидан ўрин эгаллади. Мураккаб даврда республика раҳбарияти, хусусан, буюк давлат арбоби Шароф Рашидовнинг ташаббуси билан Ўрта Осиёда ягона Тошкент метрополитени бунёд этилди. Кўп йиллик машаққатли меҳнат самарасида 1977 йилнинг 7 ноябрь куни биринчи метро қатъий жадвал бўйича ҳаракатлана бошлади.
 
Ўзбекистон транспорт тизимида муҳим ўрин тутадиган Тошкент метрополитени қулайликлар яратиш, йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод линияларидан иборат Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 39 километрни ташкил этади. Метрополитен 29 бекатдан иборат. Ушбу транспорт хизматидан кунига 200 мингга яқин йўловчи фойдаланади.
 
Мутахассислар маълумотига кўра, ўтган муддат давомида 4 миллиарддан зиёд йўловчига хизмат кўрсатилди. Тошкент метрополитени бекатларини лойиҳалашда энг малакали архитекторлар, рассом ва меъморлар иштирок этган. Мустақиллик йилларида метрополитен чиройли ташқи ва ички дизайн, қулай ва юқори хавфсизлик тизимига эга бўлган вагонлар билан таъминланмоқда. Бу борада Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводида метро вагонларини капитал таъмирлаш, қайта тиклаш, уларнинг хизмат кўрсатиш муддатини узайтириш ишлари самарали амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш керак.
 
Аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, Тошкентнинг келгуси ривожланишини инобатга олиб, Тошкент метрополитени Юнусобод линиясининг иккинчи босқичи қурилиши лойиҳаси, Сергели линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияси барпо этиш бўйича бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
 
Жумладан, юқори сифатда барпо этилаётган Сергели йўналиши аввалгиларидан фарқли равишда ер устида ҳаракатланади. Метро шаҳарнинг ривожланиш режалари, йўловчилар оқими, турар-жой мавзелари, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш масканлари жойлашуви, муҳандислик-геологик шароитларни инобатга олган ҳолда қурилмоқда. Йўналиш тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Айни пайтда Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
 
Тошкент шаҳрида ер усти халқа метро линиясини барпо этиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳа бўйича бунёд этиладиган метронинг умумий узунлиги 54 километр бўлиб, унинг 51 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. 2 километри ер устида қурилади. Мазкур лойиҳа беш босқичда амалга оширилиб, 2020 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Тошкент Метро 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар