Натижада 2017-2021 йилларда қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари ашёсини ишлаб чиқариш ўртача 1,4 бараварга кўпаяди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 мартдаги ПҚ-2505 сонли Қарори билан тасдиқланган “2016-2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари хомашё базасини, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 6 январдаги “2017-2018 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва чуқур қайта ишлаш қувватларини ташкил этишни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги дастурлар доирасида 740,1 миллион доллар қийматга тенг 434 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Чунончи, 163 та лойиҳа, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини республиканинг мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослаштирилган туманларида, 39 та гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини хомашёга яқин ҳудудларда, 37 та лойиҳа бўйича қандолат, алкоголсиз ичимликлар ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг 3.3-банди, яъни “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш”га мувофиқ, Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини мақбуллаштирилади.
Натижада 2017 йилда пахта экин майдонларини 49 минг гектарга ва ғалла майдонларини 10 минг гектарга қисқартирилиб, қисқартирилган экин майдонларига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини, жумладан, 8,1 минг гектарга картошка, 27,2 минг гектарга сабзавот, 5,9 минг гектарга интенсив боғ, 2,9 минг гектарга токзор, 10,9 минг гектарга озуқа экинлари ва 4 минг гектарга мойли экинлар жойлаштириш белгиланган.
Мазкур дастурни амалга ошириш мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмининг йиллик 340 минг тоннага, совутгичли сиғимлар ҳажмининг 164,9 минг тоннага, тара-қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 32,4 млн. донага ошишига олиб келади. Натижада, 2019 йилда республикада ишлаб чиқариладиган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмига нисбатан қайта ишлашнинг улуши 24 фоизни ташкил этиб, 4,6 мингта янги иш ўрни яратилади.
Натижада 2017-2021 йилларда қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари ашёсини ишлаб чиқариш ўртача 1,4 бараварга, жумладан, мева-сабзавот ва узум – 1,4 бараварга, гўшт – 1,3 бараварга, сут – 1,5 бараварга кўпаяди.