...
МЕНЮ
ONLINE TV

2015 йилда маданият ва санъат соҳасидаги йўқотишлар


01:41, 31.12.2015 Жамият
 10 681

Янги йилни яхши орзу-умидлар билан қарши олиш аввалида тугаб бораётган йилда амалга оширган ишларимиз, ортимиздаги изларимизга назар ташлаб, сарҳисоб қиламиз. Ютуқларимиздан қувонамиз, хато ва камчиликларимиз ўрнини Янги йилда тўлдиришни ният қиламиз.

Дунёга “ҳайкалини” ўрнатган инсон
Ўзбекистон халқ рассоми, Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жалолиддин (Равшан) Миртожиев 2015 йилнинг 7 февраль куни оламдан кўз ўтди.

1954 йилда таваллуд топган Жалолиддин (Равшан) Миртожиев кўп йиллик фаолияти давомида нафақат ранг-тасвир устаси, балки моҳир ҳайкалтарош сифатида ҳам тилга тушган эди. 1997 йилдан то умрининг охирига қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида катта ўқитувчи бўлиб фаолият юритган Жалолиддин (Равшан) Миртожиев Алишер Навоий, Абу али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Ал-Фарғоний каби боболаримизнинг сиймоларини яратган. У ясаган ҳайкаллар дунёнинг кўплаб мамлакатларининг марказий майдонларига ўрнатилган.
 
Ўзбек мусиқа санъатининг чинори қулади
“Наргиз”ни мадҳ этиб, қўшиқларини қалбларга муҳрлаган Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов 2015 йилнинг 25 февраль куни 72 ёшида вафот этди.

1943 йилнинг 12 январида Наманган вилоятида таваллуд топган Камолиддин Раҳимов 1987 йилда собиқ Тошкент давлат маданият институтини тамомлайди. Ҳофиз жарангдор ва кучли овоз соҳиби сифатида ёшликданоқ тилга тушади. Ижодкорнинг “Баёт”, “Қаландарий”, “Наргиз”, “Келмаганингда”, “Парвона қилсангиз”, “Менга раҳм айла” номли қўшиқлари “Ўзбекистон” радиосининг “Олтин фонд”ида сақланиб келмоқда. 1982 йилда “Ўзбектелефильм” студияси томонидан Камолиддин Раҳимовнинг ҳаёти ва сермаҳсул ижодига бағишланган “Дил таронаси” номли фильм суратга олинган.

Устоз ижодкор, ўзбек миллий мумтоз қўшиқларининг моҳир ижрочиси Камолиддин Раҳимов 1983 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.
 
Раҳматилла Мирзаевнинг вафоти  томошабинларни эсанкиратиб қўйди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматилла Мирзаев 2015 йилнинг 2 март санасида оламдан кўз юмди. “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясининг таниқли дикторига уюштирилган суиқасд бутун санъат аҳлини, ҳатто телетомошабинларни ҳам эсанкиратиб қўйди.

1954 йилнинг 22 сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган Раҳматилла Мирзаев ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтини тамомлайди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида телевидениеда иш бошлаган диктор умрининг сўнги кунларига қадар “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясида фаолият юритди. Кўп йиллик ижоди давомида “Янгиликлар”, “Ахборот” каби информацион дастурларга бошловчилик қилган Раҳматилла Мирзаев “Дилдаги гаплар” номли муаллифлик дастури билан ҳам тилга тушди. Санъат оламининг таниқли вакиллари билан бўлган суҳбатлар ҳануз кўплаб телетомошабинларнинг хотирасида сақланиб келмоқда.

Ҳамкасблар ва шогирдлари Раҳматилла Мирзаевни ўз касбини ҳурмат қилиб, унга ситқидилдан ўзини бахшида этган инсон, профессионал диктор, жонкуяр устоз сифатида хотирлашади.
 
Афсонавий “Ялла”нинг афсонага айланган хонандаси

Афсонавий “Ялла” гуруҳининг хонандаси ва созандаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳбоз Низомиддинов 2015 йилнинг 23 апрелида, 69 ёшида  вафот этди. 1946 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган санъаткор ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтида таҳсил олади. 1971 йилдан мазкур институт қошида ташкил этилган “Ялла” вокал-чолғу ансамблида иш бошлайди. 1980 йилга қадар ансамблда ишлаган Шаҳбоз Низомиддинов келгуси фаолияти ҳам санъатда буткул узоқда кечмаган. У фарзандлари – Моҳинур, Шоҳрух ва Зарина билан мусиқий чиқишлар тайёрлаган.

“Ялла”дан кейинги фаолиятини тадбиркорликда давом эттирган ижодкор 2001 йилга келиб, “Ялла ретро” гуруҳини ташкил этиб, санъат оламидаги фаолиятини давом эттирди.
 
Асфальт-бетон заводидан театр саҳнасига...

“Нега ҳаммани кетмон-у учадию меники учмайди?” Қулоғингизга таниш бу жумлаларни эшитганингиз заҳот Ўзбекистон халқ артисти Тўйчи Орипов кўз олдингизда гавдаланса ажаб эмас. Буюк актёр, ўзбек театр ва кино санъатининг такрорланмас вакили Тўйчи Орипов 2015 йилнинг 12 июнида, 91 ёшида оламдан кўз юмди.

1928 йилда Тошкентда таваллуд топган Тўйчи Орипов меҳнат фаолиятини аввал асфальт-бетон заводида, сўнгра троллейбус паркида ҳайдовчи сифатида бошлайди. 1951 йилда ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган актёр 1953 йилда  ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтини тугатади ва йўлланма билан Қўқон театрига жўнатилади. Театрда энг асосий ролларни ижро этиб, тез орада тилга тушган Тўйчи Орипов 1958 йилдан яна Ўзбек миллий академик драма театрида иш бошлайди.

Актёр кўп йиллик ижодида давомида “Навоий”, “Мирзо Улуғбек”, “Меъмор”, “Гирдоб”, “Келинлар қўзғалони” каби 100 га яқин спектаклларда, “Шум бола”, “Абдуллажон”,  “Фарғоналик бешовлон” номли фильмларда бир-биридан эсдақоларли роллар ижро этди. Тўйчи Ориповнинг театр ва кино санъати йўлидаги меҳнатлари ҳукумат томонидан эътироф этилиб, 1979 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.  
 
Армон билан юмилган кўзлар

Обид Юнусов ҳақида гап кетганда унинг ҳам театр, ҳам кино, ҳам дубляждаги узоқ ва самарали меҳнатини эътироф этиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ўз ишининг фидойиси, устазода санъаткор Обид Юнусов 2015 йилнинг 21 сентябрида вафот этди.

Ўзбек мусиқа санъатининг тамал тошини қўйган ижодкор Юнус Ражабийнинг фарзанди бўлган Обид Юнусов 1934 йилнинг 24 ноябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топади. Актёр ўз хотираларида санъаткор бўлишига оила аъзолари, айниқса отаси қарши бўлганини жуда кўп бор таъкидлайди. 1956 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтини тугатган Обид Юнусов ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида иш бошлайди ва 1996 йилга қадар шу театрда фаолият юритади. “Қутлуғ қон”, “Хамлет”, “Парвона”, “Мирзо Улуғбек”, “Олтин девор”, “Паранжи сирлари”, “Юлдузли тунлар” каби спеатклларда такрорланмас роллар ижро этиб, халқ олқиши ва эътиборини қозонган актёр умрининг сўнги кунларига қадар театр саҳнасида орзусидаги роль – Навоийни ижро эта олмаганидан армонда ўтади.

Обид Юнусовнинг театр, кино ва дубляж санъатидаги фаолиятига назар ташлар эканмиз, у ўзининг ёрқин ижоди билан ҳар бир хонадонга кириб борганини пайқаймиз.

Обид Юнусовнинг санъат йўлидаги фидокорона хизматлари эътибор қозониб, 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти увони, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.  
 
“Ўткан кунлар”да қолган Ўлмас Алихўжаев

“Ўткан кунлар” фильмидаги Отабек образи орқали томошабинлар хотирасига, таъбир жоиз бўлса қалбига муҳрланган актёр Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев 2015 йилнинг 25 сентярида, 74 ёшида оламдан кўз юмди.

1941 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида таваллуд топган Ўлмас Алихўжаев ҳозирги Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтини тамомлайди. Актёр кино оламидаги узоқ йиллик фаолияти давомида “Улуғбек юлдузи”, “Абу Райҳон Беруний”, “Қасамёд”, “Лолақизғалдоқ” каби 45 та фильмда бир-биридан эсдақоларли роллар ижро этади. Ўлмас Алихўжаев кино санъатига қўшган ҳиссаси учун 1983 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланади.
 
Рангларга бурканган умр

Халқаро архитектура академиясининг Москва филиали профессори, рассом, меъмор ва ҳайккалтарош Рафаэль Хайрутдинов 2015 йилнинг 2 декабрь куни оламдан кўз юмди.

1932 йилда Тошкент вилоятининг Пискент туманида таваллуд топган Рафаэль Хайрутдинов иккинчи жаҳон урушининг оғир азобларини тотган инсонлардан бири эди. Беньков номидаги рассомчилик билим юрти ва Тошкент давлат техника университетини тугатган Хайрутдиновни расмларнинг нафис ранглари ўзига маҳлиё этган эди. Узоқ йиллик фаолияти давомида архитектор сифатида ҳам шуҳрат қозонган ижодкор Тошкент шаҳридаги 50 га яқин иморатларнинг қурилишига бошчилик қилган. Кубизм рассомлари иттифоқининг кўргазма зали, Киночилар уйи, Беньков номидаги коллежнинг ҳозирги биноси, Енгил саноат буюртмачилари уйи (ҳозирги Интерпол биноси), Қоратош мавзеси, Ўзбекистон бадиий академияси биноси шулар жумласидандир. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Равшан Миртожиев Камолиддин Раҳимов Раҳматилла Мирзаев Шаҳбоз Низомиддинов Тўйчи Орипов Обид Юнусов Ўлмас Алихўжаев Рафаэль Хайрутдинов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар