Бугун, Абдумўмин вафот этганига юз кун бўлди! Юз кун... Ёлғизликнинг юз куни...
Тақдир... Инсон йиллар давомида меҳнат қилади, халқ, жамият учун хизмат қилиб, фарзандларни юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялайди, уларнинг тўйини кўрсам, набиралар қўлидан тутсам дейди. Етган етади, етмаган эса...
Ўзбекистонда хизмат маданият ходими Муслимбек Йўлдошев яқинларини қадрлайдиган инсонлардан бири. Таъбир жоиз бўлса, у телевидение ҳақидаги тирик энциклопедия. Ким қачон туғилган, қандай ҳаёт кечирган, қандай йўлни босиб ўтгану қаерда қоқилган... Муслим ака телевидениедагиларнинг кўпчилигини беш бармоғидек билади. Ўзбекистон хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳматилла Мирзаев ва Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров вафот этганда ҳам уларнинг ҳаёти ва фаолиятидаги энг керакли фактларни айнан Муслимбек Йўлдошев ОАВга тақдим этганди.
Унинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштирган навбатдаги ёдномаси ҳам эътиборимизни тортди. Сухандон марҳум ҳамкасби ва дўсти Абдўмумин Ўтбосаровнинг вафот этганига 100 кун тўлганини айтиб, уни ва ТВда фаолият юритган забардаст дикторлар, хусусан, Ўзбекистон халқ артистлари Мирзоҳид Раҳимов, Абдумўмин Ўтбосаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўктам Жобиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Даврон Зуннунов, сухандон Ҳалима Юсуповани хотирлади.
Бугун, Абдумўмин вафот этганига юз кун бўлди! Юз кун... Ёлғизликнинг юз куни...
Яна қайтар гулгун баҳорлар,
Қайтмас менинг қадрдонларим.
Бу гуллар дилимга озорлар,
Қайда отам, онажонларим.
Новдаларда яшнаган бодроқ,
Чаккамда оқ, дил фиғонларим.
Учиб тушган ҳар бир гуляпроқ,
Яқинларим, жигаржонларим.
Бошим узра визиллар варрак,
Чайқалади бирга қонларим.
Бу - кетганлар руҳидан дарак,
Бевақт кетган дўст ёронларим.
Югургилар бузиб оламни,
Кўзим нури болажонларим.
Эшитмайди кўнгил ноламни,
Қўмсаганим гулхандонларим.
Армон бу бир тўлмас тубсизлик,
Етмас унга дил вайронларим.
Кенгаймоқда ҳар кун ёлғизлик,
Кўпаймоқда ғуж армонларим.
Қандай лобар, қанчалар латиф,
Чеҳрангиз хуш, ўт забонларим.
Қай маконни шодон гуллатиб,
Юрибсизлар сухандонларим?
Абдумўмин ва Раҳматулло,
Уста Ўктам ва Давронларим.
Ҳалима, Мирзоҳид, ё, оллоҳ,
Қайда бирга бўлган онларим?
Қайтаверар бу баҳор гулгун,
Қайтаверар, келмай қолмайди.
Аммо қайтмас, кетганлар буткул,
Ўксик дилим энди тўлмайди.
Сизлар билан эди шодлигим,
Сизга эди обрў, шонларим.
Сизсиз татирмикин борлигим,
Кўп соғиндим, асл жонларим.
Яна қайтар гулгун баҳорлар...
Қайтмайсиз а, қадрдонларим?